Жорий йилнинг апрель ойида Нукус шаҳрида «Орол туризми» халқаро ҳафталиги доирасида муҳим аҳамиятга молик анжуман — «Оролбўйи эзгу ният элчилари» халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Унда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Бош прокуратура, Туризм қўмитаси, шунингдек, хорижий ва маҳаллий экспертлар, таълим муассасалари ва экологик институтлар вакиллари фаол иштирок этди.
Конференцияда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарход Эрманов нутқ сўзлар экан, Оролбўйи ҳудудида амалга оширилаётган «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорларини яратиш бўйича кенг кўламли ишларга алоҳида эътибор қаратди.
Айнан 2018 йил декабридан бошлаб қуриб қолган Орол денгизининг тубига саксовул ва бошқа чўл ўсимликларининг уруғлари ҳамда ниҳоллари экиш ишлари тизимли равишда амалга ошириб келинмоқда. 2018–2024 йиллар давомида 1,8 миллион гектардан зиёд майдонда янги ўрмонзорлар яратилди ва бу жараёнда 7 минг тоннадан ортиқ уруғлар ерга ташланди. Ушбу экологик лойиҳа йил сайин янада уюшқоқлик ва юқори самара билан давом эттирилмоқда.
Анжуманда сўзга чиққан мутахассислар Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, биологик хилма-хилликни тиклаш, шўрланиш жараёнларини камайтириш ва чўлланишнинг олдини олишга қаратилган халқаро ва миллий дастурларни муҳокама қилдилар.
Шу билан бирга, иқлим ўзгаришига мослашиш, таълим тизимида экологик билимларни мустаҳкамлаш, малакали кадрлар тайёрлаш масалалари ҳам долзарб мавзулар сифатида кун тартибидан ўрин олди. Хусусан, ёшлар ўртасида экологик онг ва маданиятни шакллантиришга оид таклиф ва ташаббуслар алоҳида эътироф этилди.
Мазкур конференция Оролбўйида барқарор ривожланишни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва глобал экологик муаммоларга барча томонларнинг эътиборини қаратишда муҳим платформага айланди.
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси