У-17 Осиё чемпионати: Ўзбекистон финалда!

74

Саудия Арабистонида бўлиб ўтаётган У-17 Осиё чемпионатининг ярим финал баҳсида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси навбатдаги муҳим ғалабага эришди. 17-апрел куни бўлиб ўтган учрашувда ёшларимиз Шимолий Корея терма жамоасини 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, финал йўлланмасини қўлга киритди.

Баҳснинг 31-дақиқасида Садриддин Ҳасанов рақиб дарвозасини ишғол этиб, ҳисобни очди ва жамоамизни олдинга олиб чиқди. Орадан кўп ўтмай, 41-дақиқада Шимолий Корея вакили Канг Мёнг Бом қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Бу Ўзбекистоннинг устунлигини янада оширди.

Иккинчи бўлимда эса устунлик тўлиқ бизнинг футболчилар томонида бўлди. 62-дақиқада Жамшидбек Рустамов ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Орадан атиги уч дақиқа ўтгач, Абубакир Шукуруллаев учинчи голни киритиб, якуний ҳисобни белгилади — 3:0.

Ушбу муҳим ғалаба Ўзбекистон ўсмирларига чемпионат финалига йўл очди. Иккинчи ярим финалда мезбон Саудия Арабистони пеналтилар сериясида Жанубий Корея устидан ғалаба қозонди ва финал йўлланмасини қўлга киритди.

Финал баҳси 20-апрел куни, Тошкент вақти билан соат 20:00 да старт олади. Унда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўсмирлари чемпионлик учун кураш олиб боришади.

 

Азизбек Дабылов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси