Оролдаги сунъий ўрмонзорлар 2 миллион гектарга яқинлашди

299

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 18 январдаги «Орол денгизининг суви қуриган тубида «Яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан 2022-2026 йиллар давомида Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида ҳар йили 100 минг гектар майдонда «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш белгиланган эди.

2024 йилнинг қиш-баҳор мавсумларида жами 112 минг 502 гектар ер майдонига ўрмон мелиорация ишлари амалга оширилган бўлиб, шундан 109 минг 443 гектарини уруғдан (70 минг 50 гектарига самолёт, 39 минг 393 гектарига техника), 3059 гектарига кўчат экиш орқали ўрмонзорлар барпо этилди.

– Бу ишларни амалга оширишда ўрмон хўжаликларидан 1000 ишчи-ходим, 200 техника, 2 та АН-2 самолёти, 4 та дельтаплан ва бошқа техника ва механизмлар ишга туширилди, – дейди Мўйноқ давлат ўрмон хўжалиги директори вазифасини вақтинча бажарувчиси А.Бекмуратов.

Президентимизнинг 2023 йил 23 ноябрдаги «Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини босқичма-босқич амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан Ўрмон хўжалиги фонди ерларига 2024 йил баҳор мавсумида Мўйноқ тумани ҳудудида 109 минг туп кўчат экиш режаси белгиланган эди. Шундан, Мўйноқ давлат ўрмон хўжалиги томонидан 45 минг туп чўл ўсимликларининг кўчати ўрмон хўжалиги фондига тегишли ерларга экилди.

Мўйноқ давлат ўрмон хўжалиги томонидан 2024 йилда жами 36 та корхона билан 68 минг 495 туп кўчат ва қаламчаларга шартнома тузилди. Шартнома қиймати 142 миллион 669 минг сўмни ташкил этади. Шундан 24 мингдан зиёд кўчат ва қаламчалар етказиб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 7 мартдаги «Жорий йил баҳор ва куз мавсумларида кўкаламзорлаштириш, манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчаларни экиш тадбирларини тизимли, тартибли равишда ташкил этиш тўғрисида»ги фармойиши ҳамда Ўрмон хўжалиги агентлигининг тегишли кўрсатмаларига мувофиқ Мўйноқ давлат ўрмон хўжалиги томонидан 14 та корхона билан биргаликда 36 минг 595 туп кўчат ва қаламчаларни бепул етказиб беришга, мактабларга 4659 дона қаламча ва мактабгача таълим ташкилотларига 2416 туп кўчат бепул етказиб берилди.

Маълумот учун, ўтган 6 йил давомида Орол денгизининг қуриган 1 миллион 865 минг 350 гектар ер майдонида ўрмон-мелиорация ишлари амалга оширилган. Шундан, 1 миллион 782 минг 953 гектарлик майдонда уруғдан (1360313 га. самолёт, 422640 га. техника ёрдамида), 82 минг 397 ер майдонида кўчатдан ўрмонзорлар барпо этилган.

Бунга жами 6 миллион 944 минг 976 килограмм чўл ўсимликлари уруғлари сарфланган. Шундан 4 миллион 479 минг 774 килограмм саксовул, 665 минг 624 килограмм қандим, 5 минг килограмм черкез, 1 миллион 685 минг 556 килограмм қорабуроқ ва 109 минг килограммдан зиёд бошқа чўл ўсимликлари уруғлари тайёрланган.




А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги