Оролбўйида яна бир муҳим қадам: мактабларга тоза сув келди

Сув – ҳаёт манбаи. Уни тоза ҳолда аҳолига етказиш, айниқса, олис ҳудудларда бу муаммони ҳал этиш – бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Айни, шу мақсадда Швейцариянинг «LATMA-ADED» ташкилоти грант маблағлари асосида Тахиатош туманида муҳим лойиҳа амалга оширилди.
Жорий йилнинг 17 апрель куни тумандаги «Найманкўл» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 12 ва 15-сонли умумтаълим мактабларига замонавий, тўлиқ автоматлашган сув тозалаш ускуналари ўрнатилиб, фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмитаси раиси А.Атажанов, «LATMA-ADED» ташкилоти вакиллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда ўқитувчилар иштирок этди.

Мазкур ускуналар орқали мазкур ҳудудда истиқомат қилувчи 6732 нафар аҳоли, 50 нафар педагог ва 301 нафар ўқувчи тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бу эса фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш ва болалар учун хавфсиз муҳит яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Лойиҳа Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Бундан аввал, Мўйноқ туманидаги 7-сонли мактабда ҳам шундай сув тозалаш ускуналари ўрнатилган эди.
Бундай хайрли ташаббуслар аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга, соғлом ҳаёт тарзини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси