Элликқалъада янги мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, айниқса, мактабгача таълим соҳасини янада такомиллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада ўқув-тарбия муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, болалар учун муносиб ва замонавий таълим-тарбия шароитларини яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт фонди иштирокида «Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ҳудудларда ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, хусусан, таълим муассасаларини барпо этиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Мазкур қарор доирасида Элликқалъа туманидаги «Пахтачи» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янги мактабгача таълим ташкилоти қуриб битказилди. 4,7 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилган мазкур муассаса 90 нафар болани қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, замонавий таълим ва тарбия талабларига тўла жавоб беради.
Бу каби лойиҳалар болаларнинг сифатли таълим олишига, ота-оналарнинг ишончини мустаҳкамлашга ва келажак авлодни баркамол шахс қилиб тарбиялашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги