Ҳамкорлик: симфония оламига саёҳат

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида таниқли француз дирижёри, “Санъат ва адабиёт кавалери” ордени соҳибаси Натали Марин ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиали симфоник оркестри ҳамкорлигида концерт дастури ташкил этилди.
Ўзбекистонда француз мусиқаси фестивали доирасида ташкил этилган концерт дастурида Натали Марин ва симфоник оркестр билан биргаликда жонли тарзда ижро этилган миллий ва жаҳон классикасининг уйғунлиги, оркестрнинг қудратли куйлари томошабинлар қалбида ўзгача таассурот қолдирди. Жонли тарзда ўтган концерт дастури барчани ҳақиқий симфония оламига олиб кирди.

– Санъат, маданият ҳеч қачон тил, макон танламайди, – дейди Натали Марин. – Ташриф давомида Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиали талабаларига маҳорат дарсларини ўтдим. Талабаларнинг аксарияти маҳоратли. Албатта, бундай тадбирларнинг ўтказилиши ёшларда мусиқа ва санъатга бўлган қизиқишни ошириш, ўсиб келаётган ёш авлодда мусиқа маданиятини шакллантириш, давлатлар ўртасидаги маданий алоқаларни янада юксалтириш ва улар ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш жоиз, Натали Марин Копенгагендаги Дания Қироллик академиясида оркестр дирижёрлиги бўйича магистрлик даражасини олган. Меҳмон дирижёр сифатида Буэнос-Айрес, Брюссел, Ницца, Канн симфоник оркестри ва бошқа ансамблларда ишлаган. Машҳур француз дирижёри Лотин Америкаси ва Европа бўйлаб таъсирчан мусиқий саёҳат қилди ва бутун дунёдаги нуфузли жойларда ўз изини қолдирди. Фаолияти давомида у 27 та мамлакатда меҳмон дирижёр сифатида иштирок этган.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.