“Эл-юрт умиди” жамғармаси степендиантларига Жанубий Калифорния университети чегирма беради

“Эл-юрт умиди” жамғармаси мутасаддилари ва АҚШнинг нуфузли Жанубий Калифорния университети Бизнес бошқарув ва давлат бошқаруви дастури директори Р.Каки ҳамда университет профессори А.Абраҳамян ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари муҳокамаси юзасидан онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувдан мақсад ўзаро ҳамкорлик алоқаларини юқори даражага олиб чиқиш, Жанубий Калифорния университети томонидан Жамғарма стипендиатларига яратиб бериладиган шароитлар, уларнинг ўқиш харажатларидан чегирмалар олиш, докторантликка номзодлар учун илмий раҳбар топиш каби муҳим масалаларни муҳокама қилишдан иборат.

Учрашув давомида Жамғарма ижрочи директори ўринбосари в.б Жавоҳир Аҳмедов томонидан вазирлик ва идораларнинг мақсадли буюртмаси асосида давлат хизматчиларини ушбу университетда қисқа стажировка дастурларини ташкил этиш бўйича ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари учун ўқиш харажатларидан 30 фоиз чегирмалар ажратиш таклиф қилинди. Ўз ўрнида мазкур таклифлар Р. Каки томонидан қўллаб-қувватланиб, мазкур йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишилди.
Учрашув якунида икки томонлама меморандум имзолаш режалаштирилди.
Эслатма: Жанубий Калифорния университети АҚШнинг Калифорния штатидаги хусусий тадқиқот университетидир. Университет ўзининг юқори сифатли таълими, илғор илмий изланишлари ва дунёга машҳур кино, муҳандислик, бизнес ҳамда санъат йўналишлари билан танилган. Университет глобал етакчиларни тайёрлаш, инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва талабаларга кенг имкониятлар яратиш борасида юқори обрўга эга. Таълим маскани халқаро QS рейтингида 125-ўринни эгаллайди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА