Маданият ва санъат ходимлари эъзозда

152

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 15 апрель – Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъат ходимлари куни муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев,  Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) Бош котиби Султанбай Раев соҳа ходимларини касб байрами билан муборакбод этиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини қўллаб-қувватлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни рағбатлантиришга қаратилаётган эътибор ҳақида гапирди.

Президентимиз ташаббуси билан яқинда Нукус шаҳрида ўтказилган биринчи халқаро Орол маданияти саммити ҳудудда маданият ва санъатни янада ривожлантириш ва дунёга кенг тарғиб қилиш орқали экологик муаммоларга ечим топиш, жаҳоннинг маданият ва санъат намояндаларини ягона мақсад йўлида бирлаштиришдек эзгу ташаббусларни ўзида мужассам этган тарихий воқеалардан бири бўлди.

Дарҳақиқат, азалдан бадиий санъат ва маданият инсонларни доимо эзгуликка, хайрли ишларга етаклаб келган. Зеро, жамият ва миллатнинг ривожланишида, аҳолининг маънавий оламини бойитишда, айниқса, юртимизни дунёга танитишда санъат ва маданиятнинг ўрнини ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам, бу соҳа доимо давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътиборида бўлиб келмоқда.

Бунинг натижасида маданият ва санъатни янада ривожлантириш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа фидойиларининг машаққатли меҳнатини муносиб рағбатлантириш борасидаги чора-тадбирлар янги босқичга кўтарилмоқда.

Жумладан, 27 миллиард сўмлик маблағ ҳисобидан Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиалининг 300 ўринли янги ўқув биноси қуриб битказилди. Шунингдек, жорий йилда 15 миллиард сўмлик маблағ ҳисобидан Тўрткўл туманида Амфитеатр қуриш белгиланган, “Айқулаш” ва “Мақом” ансамбллари, Қўғирчоқ театри, шунингдек, барча маданият бўлимларига Президент совғаси – замонавий автотранспорт воситалари топширилди. Маданият бўлимлари ҳузуридаги Халқ ансамбллари ва театр жамоалари зарур асбоб-ускуналар билан таъминланди.

Шунингдек, миллий маданий мерос ҳисобланган “Қора уй”ни ва Қўбиз чолғу асбобини ЮНЕСКО рўйхатига киритиш чоралари кўрилмоқда, шу билан бирга, илк бор ёш иқтидорлардан иборат “Жеткиншек” болалар хор жамоаси ташкил этилгани, бундан ташқари, “Муза” хусусий театри иш бошлагани ва қисқа вақт ичида ўзининг кўп сонли томошабинларига эга бўлгани, буларнинг барчаси маданият ва санъат соҳасидаги эзгу ишлардир.

Тадбирда байрам муносабати миллий маданиятимиз билан санъатимизни дунёга танитишга қўшган ҳиссаси учун Халқаро туркий маданият ташкилоти вакиллари ҳамда юртимизнинг бир қатор соҳа фидойиларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг кўкрак нишонлари ҳамда Фахрий ёрлиғи, ТУРКСОЙ ташкилотининг медали ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Байрам тадбири санъат усталарининг концерт дастури билан янада файзли бўлди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА