Келажак учун боғ яратиш хайрли амалдир
“Юксалиш” ҳаракати атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ғояларини тарғиб қилиш мақсадида 2019 йилдан буён мамлакатнинг турли ҳудудларида “Бир миллион дарахт” акциясини ўтказиб келмоқда.
Ўтган вақт давомида акция доирасида 4 миллиондан ортиқ мевали ва манзарали ниҳол ҳамда бута экишга муваффақ бўлинди. Бу йил акция доирасида ижтимоий объектлар ҳудудига эътибор қаратилди. Жумладан, “Huawei” компанияси кўмагида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида “Бўзатов” овул фуқаролар йиғини “Шағирли” овулида жойлашган 13-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳудудига 200 та мевали кўчат экилди.
Тадбирда “Юксалиш” ҳаракати ходимлари, “Huawei” компанияси вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари, экофаоллар, кўнгиллилар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

– Дарахт экиш учун мактабгача таълим муассасаси ҳудудини танлаганимиз бежиз эмас. Бу нафақат экологик, балки тарбиявий аҳамиятга ҳам эга. Боғча тарбияланувчилари битта ниҳолни экиб, ҳосилга киргунича парвариш қилиш инсондан куч ва меҳнат талаб қилишига гувоҳ бўлишади ва бу уларда табиатга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш кўникмаларини шакллантиради, деган умиддамиз. “Юксалиш” ҳаракати ҳар йили шундай ташаббусларни амалга ошириб, яшил ҳудудларни кенгайтиришга ҳисса қўшишда давом этади, – дейди “Юксалиш” ҳаракати раисининг ўринбосари Жаҳонгир Тураханов.

“Юксалиш” ҳаракатининг “Huawei” компанияси билан ҳамкорлиги натижасида сўнгги йилларда Тошкентдаги Адиблар хиёбонида, республика болалар ижтимоий мослашуви марказида, пойтахтнинг 20 дан ортиқ умумтаълим мактабида, “Дўстлик” боғида, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида, Болалар миллий тиббиёт марказида, Тошкент халқаро таълим университетида ниҳоллар экилди.
– Технологик компания сифатида, биз энергетик жиҳатдан самарадор инновацияларини қўллаш барқарор келажак яратишнинг асосий тамойили деб, ҳисоблаймиз. Биз доимий равишда углеродсиз иқтисодиётга ўтишнинг оптимал усулларини ўрганиб, тадқиқотлар ва тараққиётга сармоя киритамиз. Яшил технологияларни жорий этишдан ташқари, иқлим ўзгаришлари оқибатларига қарши курашишда шериклар ва жамоатчилик билан ҳамкорлик аҳамиятини яхши англаймиз. Шу боис, “Яшил Ўзбекистон” ташаббусимизни давом эттириб, 2020 йилдан бошлаб экологик вазиятни яхшилашга ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қилмоқдамиз, – деди “Huawei” компаниясининг жамоатчилик алоқалари бўйича менежери Александрa Набиева.

“Юксалиш” томонидан амалга оширилаётган “Бир миллион дарахт” акцияси ҳудудларни кўкаламзорлаштиришга ҳисса қўшибгина қолмай, жамиятда экологик онг ва табиатга эҳтиёткорона ёндашув каби қадриятларни шакллантиради. Турли авлод вакиллари, айниқса, ўсиб келаётган ёшларни жалб қилиш орқали бу ташаббус барқарор келажак учун мустаҳкам асос бўлади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.