Абай ва Қорақалпоқ адабиёти: илмий ҳамкорлик ва маънавий яқинлик

72

Абу Наср Форобийдан тортиб Абай Қўнонбоевгача – туркий дунё адабиётининг улуғ намояндалари ўртасидаги маънавий мулоқот, халқлар ўртасидаги илмий-маънавий алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилиб келмоқда. Хусусан, жорий йил 15 апрель куни бўлиб ўтган «Абай ва қорақалпоқ адабиёти» мавзусидаги халқаро илмий-назарий онлайн конференция бу жараённинг ёрқин намунаси бўлди.

Абай Қўнонбоевнинг 180 йиллик юбилейи муносабати билан ташкил этилган мазкур анжуман Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги Маданият қўмитаси ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейи ўртасидаги ижодий ҳамкорлик доирасида ўтказилди. Шунингдек, анжуманни ташкил этишда А.Бокейхон номидаги университет, Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали ҳамда Тарихий-маданий мерос бошқармаси ҳам фаол иштирок этди.

Мазкур конференцияда Туркия, Венгрия, Мўғулистон, Беларусь, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистондан етук олимлар, профессор-ўқитувчилар ва олий ўқув юртлари талабалари иштирок этди. Тадбир давомида Абай меросининг туркий халқлар адабиётига таъсири, унинг ижоди ва дунёқараши, қорақалпоқ адабиёти билан маънавий уйғунлиги хусусида қизғин фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Анжуманда алоҳида эътибор қаратилган масалалардан бири – Абай Қўнонбоев номидаги «Жидебай-Бўрили» давлат тарихий-маданий ва адабий-мемориал музей-қўриқхонаси фаолияти бўлди. Бу музей – Абайнинг ҳаёти ва ижодига оид бой илмий-маданий марказ сифатида тан олинган. Музейда 22 304 дона музей экспонати сақланмоқда. Улар орасида шоирнинг болалик даври, ижодий йўли, шоирлик мактаби, оилавий ҳаёти ва мероси ҳақида гувоҳлик берувчи ноёб ҳужжатлар, фотосуратлар, нодир қўлёзмалар, қозоқ халқининг маиший-этнографик турмуш тарзини акс эттирувчи ашёлар, тасвирий санъат ва ҳунармандчилик намуналари ўрин олган.

Музейдаги «Йил фасллари», «Абай ижоди», «Қора сўзлар», «Болалар хонаси» каби бўлимлар орқали Абай шахсияти ва унинг жамиятда тутган ўрни янада ёрқин намоён қилинади. Хусусан, 1885 йилда Абай қишлоғига келган Н.Долгополов томонидан музейга топширилган шоир кафтининг изи сақланган экспонат – жуда ноёб ва илмий қимматга эга мерос сифатида алоҳида қадрланади.

«Абай ва қорақалпоқ адабиёти» мавзусидаги халқаро конференция нафақат икки қардош халқ адабиёти ўртасидаги маънавий боғлиқликни, балки умумий тарихий ва маданий меросни тиклаш, унга ҳурмат билан ёндашиш, ёш авлодга етказиш каби эзгу мақсадларга хизмат қилди. Бу каби тадбирлар халқаро илмий мулоқотни кенгайтириш, адабий изланишларни бойитиш ва туркий дунёдаги маънавий бирликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Азизбек Дабылов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси