Дзюдочиларимиз Грузияда 10 та медални қўлга киритди

203

Дзюдо бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Грузияда ўтган “Tbilisi Millennium Team Cadet European Cup-2025” турнирида 2 та олтин, 3 та кумуш, 5 та бронза, жами 10 та медаль билан умумжамоа ҳисобида кучли учликдан жой олди.

Мусобақада Саъдулла Равшанов -73 кг. вазн тоифасидаги финал беллашувида мезбонлар вакили Лука Кутателадзени таслим қилиб, олтин медални қўлга киритди. Қизлар ўртасида вазни 70 килограммдан ортиқ бўлган дзюдочилар беллашувида икки нафар вакиламиз Зарина Бобоназарова ва Умида Ниғматова финалга қадар барча рақибларини енгди. Шу тариқа, мазкур вазндаги сўнгги ҳал қилувчи финал баҳси икки ўзбек дзюдочиси ўртасида бўлиб ўтди. Унда Зарина ғалаба қозонган бўлса, Умид кумуш медали соҳибасига айланди.

Шунингдек, ўз вазн тоифаларида Динора Ҳасанова ҳамда Муҳаммадкарим Носиров кумуш, Алина Колючева, Зуҳражон Умарова, Иномжон Баҳодиров ва Мусулмонқул Аҳроров бронза медали билан тақдирланди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА