Қорақалпоғистон – Туркий маданият алоқаларининг янги маркази сари

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев «Турксой» халқаро туркий маданият ташкилоти бош котиби, таниқли драматург Султонбай Раев билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва келажакдаги истиқболлари муҳокама қилинди. Аманбай Орынбаев сўнгги йилларда мамлакатимизда, хусусан, Қорақалпоғистонда маданият ва санъатни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ва Президентимиз ташаббуслари туфайли соҳада улкан ютуқлар қўлга киритилаётганини алоҳида таъкидлади.

Маълумки, Ўзбекистон Турксой ташкилотининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Қорақалпоғистон Республикаси билан Турксой ўртасидаги маданий ҳамкорлик йил сайин янги босқичга кўтарилмоқда. Бунинг ёрқин намунаси сифатида ўтган йили Турксой ташаббуси билан Истанбул шаҳрида Қорақалпоқ халқининг улуғ шоири Әжинияз Қосыбай ўғлининг 200 йиллик юбилейи кенг нишонланганини қайд этиш мумкин.
Шунингдек, халқаро даражада ўтказилаётган туркий халқлар фестивалларида Қорақалпоғистон санъат жамоалари – «Айқулаш» миллий фольклор ансамбли ва Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон бўлими фаол иштирок этмоқда. Бу – туркий халқлар ўртасидаги маънавий ва маданий уйғунликнинг амалдаги ифодасидир.

Учрашувда Турксой бош котиби Султон Раевнинг «Тож» пьесаси Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театри саҳнасида намоён этилгани ҳам икки томонлама яқин ҳамкорликнинг яна бир ёрқин мисоли сифатида эътироф этилди.
Томонлар Қорақалпоғистонда халқаро маданий фестиваллар, анжуманлар ва ижодий учрашувлар ўтказиш, шунингдек, туркий халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги режаларни муҳокама қилдилар.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги