Қўбиз ва жировчилик ҳақидаги ҳужжатли фильм тақдимоти бўлиб ўтди

Қорақалпоғистон миллий чолғу асбоби — Қўбиз ва халқ оғзаки ижодининг бой намунаси бўлмиш жировчилик санъати ЮНЕСКО эътирофи сари йўл олмоқда. Ҳурматли Президентимиз томонидан ушбу бебаҳо маданий меросларни ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш бўйича берилган топшириқ асосида амалий ишлар изчил давом этмоқда.

Шу мақсадда, Қорақалпоғистоннинг бой маданий анъаналарини асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш йўлида муҳим қадамлардан бири сифатида ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан «Авлодлар сазоси: Қўбиз ва Жиров» номли ҳужжатли фильм тайёрланди. Мазкур фильмнинг расмий тақдимоти Қорақалпоғистон санъат саройида бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Орынбаев сўзга чиқиб, мазкур фильмнинг аҳамияти ва у орқали миллий меросларимизнинг халқаро майдонда танилишига хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек, у йиғилганларни фильм тақдимоти муносабати билан самимий табриклади.

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабина Махл ҳам ўз нутқида юртимизда кейинги йилларда миллий маданият ва санъатга, жумладан бахшичилик ва жировчилик каби бебаҳо меросларга бўлган эътибор янада кучайганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
— Бу фильм нафақат миллий меросимизни асраш, балки уни бутун дунёга танитишда муҳим аҳамиятга эга, — деди у ўз чиқишида.

Тақдим этилган фильм орқали қўбизнинг мусиқий моҳияти, унинг тарихий илдизлари, шунингдек, жировчилик анъаналари ва уларнинг жамиятда тутган ўрни ҳақида бой маълумотлар тақдим этилди. Фильм Қорақалпоғистон халқининг маънавий бойлигини кенг ёритишга хизмат қилувчи муҳим маданий ҳужжат сифатида баҳоланмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги