Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Осиё чемпионати ярим финалига йўл олди

37

Саудия Арабистони мезбонлик қилаётган U-17 Осиё чемпионатида чорак финал баҳслари бўлиб ўтди. 13 апрель, якшанба куни бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси БААга қарши майдонга тушди ва 3:1 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.

Учрашувни фаол бошлаган Ислом Исмоилов шогирдлари 13-дақиқада ҳисобни очишга муваффақ бўлишди — Асилбек Алиев жарима зарбасидан жуда чиройли гол урди. 36-дақиқада эса ўша Алиев иккинчи голни ҳам ўз ҳисобига ёзди ва дублини расмийлаштирди.

Биринчи бўлим сўнгида, аниқроғи 45-дақиқада Сайфиддин Содиқов пеналтидан гол урди ва ҳисобни 3:0га етказди. Иккинчи таймда БАА жамоаси фаолликни оширди ва 67-дақиқада Муҳаммад Бутининг голи билан ҳисобни қисқартиришга эришди — 3:1.

Қолган вақтда ҳам икки жамоа фаол ҳаракат қилди, бироқ дарвозаларга бошқа тўп киритилмади. Ўйин шу ҳисобда якунланди ва Ўзбекистон U-17 терма жамоаси мусобақа ярим финалига йўл олди.

Эндиликда юртдошларимиз Индонезия — Шимолий Корея ўртасидаги учрашув ғолиби билан финал учун кураш олиб боради.

 

Азизбек Дабылов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси