Таълим ва таассуротларга бой учрашув бўлди

53

Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қорақалпоқ академик лицейида тантанали тадбир ташкил этилди. Унда соҳа вакиллари, лицей ўқитувчилари ҳамда ўқувчи-ёшлар фаол иштирок этди.

Тадбир Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари билан бошланди. Учрашувни лицей директори Равшанбек Игамбердиев очиб, Конституция ҳар бир фуқаро ҳаётида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Тадбирнинг асосий меҳмонлари – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, ЎзХДП фракцияси раҳбари Х.Ешимбетов, Конституциявий назорат қўмитаси аъзоси Т.Қаллибеков ҳамда иқтисодий ишлар бўйича судья Ў.Сабиров ўз чиқишларида Конституциянинг юртимиз тараққиётидаги ўрни, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритишди.

Таъкидланишича, Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси 1993 йил 9 апрель куни қабул қилинган бўлиб, у муқаддима, 6 бўлим, 26 боб ва 121 моддадан иборат.

Тадбир доирасида лицей ўқувчилари ўртасида «Конституция – келажагимиз кафолати» мавзусида танлов ташкил этилди. Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Учрашув давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олиш имкониятига эга бўлишди. Тадбир барча иштирокчилар учун билим ва таассуротларга бой кечди.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги