Дунё парламентлари вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди
Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси 2000га яқин дунё парламентарийларини Ўзбекистонда жам қилган йирик анжуман бўлди. Мазкур нуфузли тадбир доирасида мамлакатимизда бўлган дунё парламентлари вакиллари Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб, Спикер Нуриддин Исмоилов билан учрашувлар ўтказди.
Ўзаро мулоқотларда юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар юқори баҳоланиб, парламентлараро муносабатларни мустаҳкамлаш ва янги босқичга кўтариш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари Федерал Миллий Кенгашининг Мудофаа, ички ва ташқи ишлар қўмитаси раиси Али Рашид ан-Нуаймий билан бўлган учрашувда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва ўзаро дўстона муносабатлари натижасида давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани, Ўзбекистон – БАА алоқалари стратегик шериклик даражасига кўтарилгани эътироф этилди.
Учрашувда икки томонлама алоқалар ва ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришда парламентларнинг имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланиш кераклиги айтиб ўтилди.
– Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси муваффақиятли ўтаётгани билан самимий табриклайман. Менинг парламентлараро тажрибамда бу сафарги тадбир энг кенг кўламли ва энг кўп делегация қатнашган ассамблеялардан бири бўлди. Айниқса, Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббуслар барчага парламентнинг роли ва истиқболини яққол кўрсатиб берди, — деди Али Рашид ан-Нуаймий.
***
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоиловнинг Жазоир Миллий халқ ассамблеяси Раиси Брахим Бугали бошчилигидаги делегация билан учрашувида икки давлат халқларининг дини, анъаналари, қадриятлари ва урф-одатларидаги ўхшашлик ўзаро алоқаларимизнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилаётгани, охирги йилларда ҳамкорлик жадал ривожланаётгани қайд этилди.
Учрашувда давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда икки мамлакат парламентларининг роли муҳим экани қайд этилди.
Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон – Жазоир Халқ Демократик Республикаси” парламентлараро гуруҳи тузилгани, у Жазоир парламенти вакиллари билан мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйиб, ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутиши айтиб ўтилди.

– Ўзбекистоннинг парламент соҳасидаги жуда нуфузли умумжаҳон саммитга мезбонлик қилгани, унинг халқаро мақомини белгилаб бермоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқидан биз жуда кўп янгиликлар олдик. У ҳамма учун фойдали ташаббусларни акс эттирди. Бугунги кунда икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва мулоқотлари ҳамкорлигимизни кенгайишида катта туртки бўлмоқда, – деди Жазоир Халқ миллий Ассамблеяси Раиси Ибрагим Бугали.
***
Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Малта Вакиллар палатаси Спикери Анжело Фаружа бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.

Мулоқотда Анжело Фаружа самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Малта ва Ўзбекистон географик жиҳатдан бир-биридан олис бўлса-да, икки томонлама муносабатларни ривожлантириш имкониятлари борлигини қайд этди. Шунингдек, у Ўзбекистон туризм соҳасида жуда катта салоҳиятга эга эканлигини эътироф этиб, ушбу йўналишда ҳамкорлик қилишга кучли интилиш борлигини билдирди. Тошкент халқаро саммитида нафақат парламентлар, балки барча тармоқлар доирасида муносабатларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилгани, бу албатта, манфаатли бўлганини алоҳида таъкидлади.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувда Ўзбекистон – Мальта ўртасидаги муносабатлар, шу жумладан, парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА