Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда

А 380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўли халқаро транспорт йўналишининг Ўзбекистондаги қисми ҳисобланиб, у орқали Марказий ва Шарқий Европа, Россия, Украина ва Қозоғистонга чиқиш таъминланади ҳамда мамлакатимиз орқали трансафғон транспорт йўналишига уланади.
Президентимизнинг 2024 йил 24 декабрдаги “2025 – 2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мазкур автомобиль йўлининг 698 – 723 километр оралиғида қурилиш-таъмирлаш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Қурилиш ишлари учун 2025 йилга 71,2 миллиард сўмлик шартнома имзоланган. Ҳозирги вақтда Қипчоқ йўллардан мунтазам фойдаланиш давлат муассасаси томонидан 3 километр узунликда 9 сантиметр қалинликда асфальт ётқизиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ишларга жами 20 дан ортиқ техника, 30 нафардан зиёд ишчи сафарбар этилган.

***
Жорий йилда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарларни миллий армиямизда фойдаланиладиган қурол-аслаҳалар, жанговар ва ҳарбий техникалар, ҳарбий хизматчиларга белгиланган таъминот меъёрлари билан яқиндан таништириш мақсадида Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида кўргазмали ўқув машғулоти ташкил этилди.
Ўн саккизта ўқув нуқтасида тажрибали офицер ва сержантлардан иборат машғулот раҳбарлари аскарларга ўқотар қуроллар, жанговар, ҳарбий ва махсус техникалар, алоқа воситалари ва бошқаларнинг вазифаси, қўлланилиши ҳамда улардан фойдаланилганда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш бўйича машғулотларни олиб борди. Жумладан, дала шароитида овқат тайёрлаш учун жиҳозлар, ҳарбий хизматчиларга белгиланган озиқ-овқат ва кийим-кечак таъминоти меъёрлари, алоқа, тиббий ёрдам кўрсатиш техника ва воситалари, муҳандислик қурол ва анжомлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

***
Элликқалъа овул фуқаролар йиғинида жойлашган маданият марказида “Ўзбекистон умумий уйимиз” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази Элликқалъа туман бўлинмаси раҳбари, А.Матниязова, Дин ишлари бўйича қўмитанинг туман бош мутахассиси Е.Аллабергенов ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини янада яхшилаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани айтилди.
Тадбирда намойиш этилган ўзбек, қорақалпоқ, туркман, қозоқ, рус миллатларининг концерт дастури барчада катта таассурот қолдирди.

***
Фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманлараро судининг 2024 йил 4 мартдаги қарорига асосан қарздор Г.У.дан акциядорлик-тижорат “Анорбанк” Нукус филиали фойдасига 248,3 миллион сўм ундириш, уни кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган “TRACKER” русумли автомашинага қаратиш белгиланди.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг номида бўлган “TRACKER” русумли автотранспорт воситаси унинг яшаш манзилида аниқланмади. Шу сабабли унга нисбатан жорий йил 15 феврал куни қидирув эълон қилинди ва умумий қарздорликнинг беш фоизи миқдорида қўшимча ижро йиғими қўлланилди.

Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси қидирув шўъбаси ходимлари томонидан жорий йилнинг 2 апрель куни олиб борилган тезкор-қидирув тадбирларидан сўнг қарздорга тегишли автомашина унинг ишхонасига яшириб қўйилганлиги аниқланди.
Келгусида ушбу автомашина электрон-онлайн аукцион савдо майдончаси орқали сотилиб, сотувдан тушган пул маблағи қўлланилган ижро йиғими ва қарздорнинг банк олдидаги қарзини қоплашга йўналтирилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.