Беш минг туп саксовул экилди

181

Республика ёшлар форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан муҳим экологик тадбир ўтказилди.

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ҳамда унинг Нукус ва Тошкент филиаллари раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар Мўйноқ туманида 5 минг туп саксовул кўчатини экди.

Мазкур тадбир “Яшил макон” лойиҳаси доирасида амалга оширилган бўлиб, унинг асосий мақсади экологик муҳитни яхшилаш, Оролбўйи ҳудудида яшил майдонларни кўпайтириш ва атроф-муҳит барқарорлигини таъминлашдир. Саксовул ўсимлиги чўл ҳудудлари учун ниҳоятда муҳим бўлиб, у тупроқ эрозиясининг олдини олиш, қум ва чанг бўронларини камайтириш ҳамда экологик мувозанатни сақлашда катта аҳамиятга эга.

Тадбир давомида олий таълим муассасалари вакиллари ҳамкорликда кўчат экиш жараёнида фаол иштирок этиб, атроф-муҳитга бўлган эътибор ва масъулиятни янада оширди. Бундан ташқари, талаба-ёшлар ўз билимларини амалиётда синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлдилар.

“Яшил макон” лойиҳаси Ўзбекистонда экологик барқарорликни таъминлаш йўлидаги кенг қамровли ташаббуслардан бири бўлиб, ушбу тадбирнинг амалга оширилиши келажак авлодлар учун тоза ва соғлом атроф-муҳитни яратишга хизмат қилади. Мўйноқ туманида ўтказилган ушбу ижтимоий-экологик лойиҳа эса талаба-ёшларнинг атроф-муҳитга бўлган масъулиятини ошириш билан бирга, уларни жамоавий ишларга ҳам ундади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА