Қорақалпоғистонда 1000 МВт қувватга эга шамол электр станцияси қурилади

Ўзбекистонда «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш йўлида муҳим қадамлар қўйилмоқда. Жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган биринчи халқаро иқлим форуми доирасида мамлакат иқтисодиётининг турли соҳаларига йирик инвестицияларни жалб этиш бўйича қатор келишувларга эришилди.
Форум доирасида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан Хитойнинг йирик компаниялари билан муҳим инвестиция битимлари имзоланди.
Жумладан, ISSV ва SANY Renewables International Investment Co., Ltd. компаниялари Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 1000 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришишди.
Ушбу лойиҳа нафақат Қорақалпоғистон, балки бутун Ўзбекистон энергетика тизими учун муҳим аҳамият касб этади. Лойиҳа амалга оширилса, минтақанинг энергетика салоҳияти ошади, иш ўринлари яратилади ва муҳим даромад манбаи шаклланади.
Шунингдек, мазкур форум доирасида Хитойнинг Liquip International компанияси Жиззах вилоятининг Фориш туманида 500 МВт қувватга эга қуёш электр станциясини қуриш бўйича ҳам инвестиция битимини имзолади.
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси