150-ассамблея Янги Ўзбекистонда парламентаризмни ривожлантиришнинг халқаро эътирофидир

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Вьетнам Социалистик Республикаси Миллий ассамблеяси Раиси Чан Тхан Ман бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Мулоқот аввалида кейинги йилларда сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон — Вьетнам ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Суҳбат чоғида меҳмонларга Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, унинг қонун ижодкорлиги йўналишидаги фаолияти, палатанинг қўмиталари, комиссияларининг асосий вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўз навбатида, Чан Тхан Ман Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамияти билан самарали ва очиқ ташқи сиёсатини юқори баҳолаб, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлган парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ҳар томонлама фойдали эканини қайд этди.
Шунингдек, шу кунларда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-ассамблеяси нафақат мамлакат учун ижтимоий-сиёсий, тарихий воқеа, балки Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотлар, айниқса, парламентаризмни ривожлантириш борасидаги натижаларнинг халқаро эътирофи эканини таъкидлади.

— Ўзбекистон Вьетнам учун жуда муҳим мамлакат. Икки давлат ўрасидаги олий даражадаги доимий мулоқотлар келажакдаги кенг қамровли ҳамкорлик алоқаларига асос бўлмоқда. Тошкентда бўлиб ўтаётган нуфузли халқаро тадбирга катта делегация билан келганимиз Ўзбекистонга бўлган юксак ҳурматимиз ифодасидир, —деди Чан Тхан Ман.
Учрашувда Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасидаги муносабатлар, шу жумладан, парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ушбу йўналишдаги мулоқотларни кўпайтириш, халқ дипломатияси имкониятларидан самарали фойдаланиш лозимлиги қайд этилди.
М.Комилова, ЎзА