Президентимиз ташаббуслари Парламентлараро Иттифоқнинг доимий эътиборида бўлади

Муносабат
Парламентлараро Иттифоқнинг Тошкент ассамблеясида давлатимиз раҳбари нутқ сўзлади. Ушбу нутқда парламентлар фаолиятини янги мазмун билан бойитишга қаратилган бир қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Мазкур нутқ мазмуни ва аҳамияти юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов ўз муносабатини билдирди:
– Мазкур халқаро тадбирда Президентимиз Ш.Мирзиёев нутқ cўзлаб, жаҳонда тинчликни сақлаш, ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлашда парламентлар иштироки ва таъсирини ошириш замон талаби эканлигини алоҳида таъкидлади ҳамда юртимизда парламентаризмни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларга тўхталиб ўтди.
Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида парламент институтини ривожлантириш муҳим вазифа сифатида алоҳида белгиланган. Сўнгги йилларда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ўрнини оширишга қаратилган 20 дан зиёд қонунлар қабул қилинди. Янги Конституцияда парламент ваколатлари кескин оширилди. Қуйи палата мутлақ ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенат ваколатлари эса 14 тадан 18 тага етказилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари анжуман давомида дунё парламенти ҳамжамияти эътиборини асосий 6 та масалага қаратиш бугунги кун талаби эканлигини таъкидлади.
Биринчидан, жаҳоннинг турли минтақаларидаги низолар глобал ва минтақавий тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солаётгани, Ўзбекистон ҳар қандай зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат дипломатия ва тинч музокаралар йўли билан ҳал этишнинг қатъий тарафдори экани, энг оғриқли муаммоларга халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Бирлашган миллатлар ташкилотининг Низоми ва резолюциялари асосида ечим топилиши муҳимлиги ва мазкур халқаро ташкилотнинг олиб бораётган тизимли саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.

Иккинчидан, сайёрамиз тараққиётига жиддий тўсиқ бўлаётган иқлим ўзгаришлари доимо диққатимиз марказида бўлиши, унинг аянчли оқибатлари, энг аввало, ривожланаётган мамлакатларга кучли таъсир кўрсатиши, Париж битими доирасида ва углерод нейтраллигига эришиш борасида ўз зиммамизга олган мажбуриятларни тўлиқ бажариш муҳим эканлиги, қайта тикланадиган энергия манбалари ва “яшил” технологияларга ўтишни рағбатлантириш парламентларнинг муҳим вазифасига айланиши кераклиги қайд этилди.
Учинчидан, хотин-қизлар ҳуқуқларини қатъий қарор топтириш ижтимоий тараққиётнинг асосий шарти эканлиги ва шу боис Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилаётган Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Осиё хотин-қизларининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар фаоллигини ошириш тўғрисида”ги резолюциясини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Тўртинчидан, ёшларнинг парламент фаолияти билан бир қаторда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тўлақонли иштирок этиши учун уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ўта долзарблиги, шу боис ҳам парламентлар учун янги авлодни тарбиялаш, бу борада самарали халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги, бу борада Парламентлараро Иттифоқ тизими доирасида Ёшлар парламентлари глобал платформасини ташкил этиш ва унинг таъсис форумини Ўзбекистонда ўтказиш таклифини билдирди.
Бешинчидан, ҳар бир инсоннинг ижтимоий ҳимояга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш, халқаро стандарт ва меъёрлар асосида сифатли хизматлар кўрсатиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб эканлиги ва шу йил сентябрь ойида юртимизда бўлиб ўтадиган камбағалликни қисқартиришга бағишланган халқаро конференция ишида барча давлат парламентлари вакиллари таклиф қилинди.
Олтинчидан, ҳозирги кунда барча жабҳаларга кенг кириб келаётган сунъий интеллект соҳасида тизимли ҳамкорликни кучайтириш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш этикаси бўйича модель қонун ишлаб чиқиш зарур эканлиги қайд этилди. Давлатимиз раҳбарининг нутқи ва билдирган ташаббуслари Ассамблеяда иштирок этаётган жаҳон парламентарийлари томонидан кенг қўллаб-қувватланди.
Парламентлараро Иттифоқ Президенти Тулия Эксон таъбири билан айтганда, Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари Парламентлараро Иттифоқнинг доимий эътиборида бўлади ҳамда мазкур ташаббусларнинг амалга оширилиши, шубҳасиз, парламентлар ҳамжамияти ва депутатлар фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА