Кўнгиллардан муносиб ўрин эгаллаган Наврўз байрами тантаналари

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Наврўз умумхалқ байрамига бағишлаб ўтказилган «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» шиори остидаги халқ сайли ва театрлаштирилган концерт дастури барча иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.

Жорий йилнинг 8-апрел куни ўтказилган байрам тадбири университет ҳудудида ҳақиқий баҳор нафаси, меҳр-оқибат ва дўстлик руҳи билан ўтди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари, шунингдек, миллий маданий марказлар, таниқли зиёлилар, профессор-ўқитувчилар, талабалар, шаҳар аҳолиси ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Университет ректори Ахмед Реймов ва Жўқорғи Кенгес қўмита бошлиғи Мурат Атамуратов барча иштирокчиларни баҳорнинг гўзал айёми — Наврўз билан қизғин табриклаб, унинг эзгулик ва янгиланиш рамзи эканини алоҳида таъкидлашди.
Тадбир давомида мамлакатимизда олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, Қорақалпоқ давлат университетида олиб борилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишлари ва ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритилди.

Байрам тадбири университет ёшларининг иштирокида тайёрланган театрлаштирилган мусиқий-хореографик дастур билан давом этди. Ашула ва рақс халқ ансамбли, «Жайҳун» ҚВЗ жамоаси, иқтидорли талабалар ва битирувчиларнинг чиқишлари томошабинларга унутилмас лаҳзаларни ҳадя этди.
Саҳна кўринишларида миллий урф-одатлар, қадриятлар акс эттирилган бўлса, куйланган қўшиқлар ва ижро этилган рақслар турли миллатларнинг бир-бирига ҳурмати ва дўстлигини тараннум этди.

Байрам сайли доирасида миллий спорт ўйинлари бўйича мусобақалар ҳам ўтказилди. Талабалар кураш, тош кўтариш, арқон тортиш, қўл кураши каби ўйинларда ўз куч ва маҳоратларини синовдан ўтказишди. Талабалар турар жойида сумалак сайли ва миллий таомлар фестивали ташкил этилиб, анъанавий ширинликлар ва мазали таомлар байрам шукуҳини янада оширди.
Ҳар йили ўзгача шукуҳда ўтказиладиган Наврўз байрами бу йил ҳам Қорақалпоқ давлат университети жамоасини бир мақсад — қадриятларни улуғлаш ва ёшларга ғурур улашиш йўлида бирлаштирди. Баҳор нафаси, меҳр-оқибат, дўстлик ва миллий қадриятлар тараннум этилган бу байрам барчанинг қалбидан муносиб ўрин олди.

Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси
Муаллифнинг туширган расмлари.