Сенатор: Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ва парламент дипломатияси янги босқичга кўтарилди

117

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида сўзлаган нутқида бугунги кунда Янги Ўзбекистон ортга қайтмас демократик ислоҳотлар ва прагматик ташқи сиёсат йўлидан дадил қадам босиб, дунё ҳамжамияти билан очиқ ва жадал мулоқот олиб бораётганига эътибор қаратди.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов шу ҳақда муносабат билдирди:  

– Ўзбекистон ўзининг тинчликпарвар ташқи сиёсати билан минтақавий ва глобал муносабатларда очиқлик принциплари асосида фаол иштирок этмоқда. Умуминсоний муаммоларни ҳал қилиш, минтақа хавфсизлигини мустаҳкамлаш, яқин қўшничилик сиёсати остида ўзаро интеграцияни кенгайтириш ва халқаро муносабатларда Марказий Осиёнинг тутган ўрнини ошириш йўлида мақсадли дастурларни амалга оширмоқда.

Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясига мамлакатимизнинг мезбонлик қилгани ҳам прагматик ташқи сиёсатнинг амалий натижасидир. Ушбу нуфузли анжуман нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақамиздаги парламентлараро дипломатиянинг янги босқичга кўтарилганини кўрсатиб берди.

Президентимиз ўз нутқида турли минтақалардаги низолар ва иқлим ўзгариши муаммоларининг олдини олиш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоялаш, ёшларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштирокини таъминлаш учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, халқаро стандарт ва меъёрлар асосида ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлаш, шунингдек, ҳозирги кунда барча жабҳаларга кенг кириб келаётган сунъий интеллект соҳасида тизимли ҳамкорликни кучайтириш бўйича ўз таклиф ва ташаббусларини илгари сурди.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, бугунги кунда жаҳонда геосиёсий беқарорлик кучайиб, турли мамлакатлар ўртасида кескинликлар тобора авж олмоқда. Табиий ресурслар камайиб, инфляция, ишсизлик ва миграция даражасининг ортиб бориши ҳамда глобал иқлим ўзгаришлари ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий муаммоларни янада кучайтирмоқда.

Бундай шароитда мамлакатлар ўртасидаги анъанавий дипломатик алоқаларнинг самарадорлиги пасайиб, ҳамкорликнинг янги шаклларини амалиётга татбиқ этиш, миллатлар ва минтақалар ўртасида кўп қиррали, умумманфаатли мулоқот дастурларини ишлаб чиқиш зарур.

Шунга монанд давлатимиз раҳбари жаҳонда тинчликни сақлаш, ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлашда парламентлар иштироки ва таъсирини оширишни алоҳида таъкидлади.

Албатта, бугун жаҳонда тинчликпарвар ташқи сиёсатни амалга ошириш фақатгина ҳарбий-сиёсий иттифоқлар билан эмас, балки иқтисодий, ижтимоий, экологик ва маданий ҳамкорликларни ҳам ўз ичига олган ҳолда комплекс ёндашувни талаб қилмоқда.

Парламентлараро Иттифоқ минтақалар ўртасида интеграцияларни чуқурлаштириш, хавфсизлик таҳдидларига қарши ҳамкорликда курашиш, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, минтақавий муаммоларни халқаро миқёсда нафақат кўтариб чиқиш, балки ҳал қилишда муҳим ўрин тутади.

Норгул Абдураимова,

ЎзА