Сунъий интеллект иш ўринларини эгалламоқда (+видео)
Сунъий интеллект бутун дунё бўйлаб иш ўринларининг 40 фоизига таъсир кўрсатади ва меҳнат унумдорлигини оширишга ёрдам беради. Бу ҳақда БМТ томонидан эълон қилинган ҳисоботда сўз боради.
Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, автоматлаштириш иш ўринларининг йўқолишига олиб келиши мумкин.
Прогнозларга кўра, 2033 йилга бориб сунъий интеллект бозори ҳажми 4,8 триллион АҚШ долларига етади ва у рақамли трансформациянинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланади.
«Бироқ СИ соҳасидаги инфратузилма ва эксперт билимларига эга бўлиш бир нечта мамлакатлар қўлида тўпланган. Жаҳон корпоратив илмий-технологик тадқиқот харажатларининг 40 фоизини асосан АҚШ ва Хитойдан бўлган атиги 100 та компания таъминлайди. Бундай бозор устунлиги технологик тафовутни чуқурлаштириши ва кўплаб ривожланаётган мамлакатларни СИ афзалликларидан маҳрум қилиши мумкин», дея таъкидлайди ҳисобот муаллифлари.
Билдирилишича, СИ янги иқтисодий истиқболларни очади, технологиялар, инновациялар ва билимларни миллий ривожланиш стратегияларининг асосий таркибий қисмларига айлантиради.
БМТ СИни самарали жорий қилиш учун мамлакатларга учта йўналишга эътибор қаратишни тавсия қилади: инфратузилма, маълумотлар ва кўникма. Ушбу йўналишларни ривожлантириш нафақат СИ ни жорий этиш, балки ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларга жавоб берувчи ўз инновацион ечимларингизни яратиш имконини ҳам беради.
Мадинабону Насриева, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА