Самбочиларимиз АҚШ ва Қозоғистонда зафар қучди

131

АҚШнинг Жоржия штати Атланта шаҳрида самбо бўйича ўтказилган «US Open International Cup» халқаро турнирида ўзбекистонлик спортчилар муносиб натижаларга эришди.

Америка Қўшма Штатлари, Ўзбекистон, Қирғизистон, Россия, Филиппин, Украина, Мексика, Уругвай, Молдова ва Канада каби мамлакатлардан 230 нафардан ортиқ самбочилар қатнашган турнирда терма жамоамиз аъзоларидан Баҳодир Бақиев жанговар самбо баҳсларида -71 килограмм оғирликда ғолибликни тантана қилди. Ушбу вазнда кумуш ва бронза медаллари Мексика ва Қирғизистон вакилларига насиб этди.

Спорт самбо йўналишида -79 килограммда кураш олиб борган ҳамюртимиз Муҳаммаднозим Шукуров 3-ўринни банд этди. Ушбу йўналишда олтин медаль Қирғизистон вакилига, кумуш эса украиналик самбочига тегишли бўлди.

Атланта шаҳрида ўтган халқаро турнир беллашувларини ўзбекистонлик ҳакамлардан Фаррух Ниязимбетов бошқариб борди.

Шунингдек, ўтган ҳафтанинг сўнгги кунларида ёш самбочиларимиз Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда иккита олтин медални қўлга киритди.

Шиддатли кечган беллашувларда терма жамоамиз аъзоларидан Нурмуҳаммад Абдуллаев -58 килограмм вазнда, Диёр Турсунқулов -64 килограмм оғирликда барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлишди.

Т.Рўзиев, ЎзА