У-17 Осиё чемпионати: Ўзбекистон Хитой устидан ғалаба қозониб, Жаҳон чемпионатига чиқди

63

6-апрел, якшанба куни футбол бўйича 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида Осиё Кубоги мусобақасининг 2-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон У-17 терма жамоаси Хитой билан баҳс олиб борди ва муҳим ғалабани қўлга киритди.

Учрашувнинг 33-дақиқасида Хитой терма жамоаси вакили Жанг Ченгруи ҳисобни очди ва жамоасини олдинга олиб чиқди. Аммо биринчи бўлим якунланиш арафасида, аниқроғи қўшиб берилган дақиқаларда Садриддин Ҳасановнинг голи ўзбекистонликларни муросасиз курашга қайтарди — 1:1.

Иккинчи тайм ўзаро ҳужумларга бой тарзда ўтди. Баҳснинг 86-дақиқасида Асилбек Алиев рақиб дарвозасини ишғол қилиб, Ўзбекистон терма жамоасига муҳим ғалабани тақдим этди — 2:1.

Бу натижа орқали Ўзбекистон У-17 терма жамоаси гуруҳ босқичида кетма-кет иккинчи ғалабасини қўлга киритди ва очколар сонини 6 тага етказди.

Шунингдек, гуруҳнинг иккинчи ўйинида Саудия Арабистони Таиланд устидан 3:1 ҳисобида зафар қучди. Ушбу натижалар ортидан Ўзбекистон терма жамоаси муддатидан олдин Осиё Кубогининг плей-офф босқичига йўл олди. Бундан ташқари, жамоа 2025-йилнинг ноябр ойида Қатарда бўлиб ўтадиган У-17 Жаҳон чемпионатига ҳам йўлланмани расмийлаштирди.

Эслатиб ўтамиз, ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати 2025-йилнинг 3-ноябридан 27-ноябргача Қатар мезбонлигида ўтказилади.

 

Азизбек Дабылов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси