Улан ПРИМОВ: Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси – глобал мулоқот майдони

269

Айни пайт бутун дунё нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилган, десак муболаға бўлмас. Сабаби 5-9 апрель кунлари диёримиз Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясига мезбонлик қилмоқда.

Шу муносабат билан ЎзА мухбири Қирғиз Республикаси Жўқорғу Кенеши Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси раиси Улан Примовнинг мазкур халқаро тадбир хусусидаги фикрларини ёзиб олди.

– Эътироф этиш жоиз, юртингизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида дунё давлатлари ва халқаро тузилмалар билан сиёсий мулоқот ва иқтисодий алоқани мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадамлар қўйилмоқда.

Жорий йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғиз  Республикаси етакчиларининг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Ўзаро ишонч ва мустаҳкам дўстликка асосланган мазкур тадбир якунида уч давлат чегаралари туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартнома имзоланди ҳамда етакчиларнинг Қўшма декларацияси қабул қилинди. Қолаверса, 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити ўтказилди. Бу мисоллар Ўзбекистоннинг халқаро майдонда нуфузи тобора ортиб бораётганидан далолат.

Мана энди Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси айнан Тошкентда ўтяпти. Ушбу анжуманнинг мавзуси “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” бўлиб, халқаро миқёсда ижтимоий адолат, тенглик, инклюзив тараққиёт ва инсон ҳуқуқига эътиборни кучайтиришга қаратилган. Қизғин муҳокамалар аёллар ва болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, ишлаб чиқариш ва меҳнат ҳуқуқи, камбағалликка қарши курашиш ва барча учун барқарор тараққиётга эришишга замин яратади.

Тинчликни парламентлараро дипломатия ва мулоқот орқали тарғиб қилиш йўлида фаолият олиб борадиган мазкур ташкилот бугунги кунга келиб 180 дан зиёд аъзо парламент ва 15 ассоциациялашган аъзо билан ҳақиқий глобал жамоага айланди. Аъзо парламентлар ва депутатлар юксак қадриятларни илгари суриб, барча миллатлар ўртасидаги ҳамкорлик ва мулоқотни рағбатлантиради.

Бугунги кунда Парламентлараро Иттифоқнинг овози дунё бўйлаб тобора баланд янграмоқда. Мазкур ташкилот фаолияти мисолида ҳозирги замон халқаро муносабатлари мезонлари самарадорлиги яққол кўринмоқда. Зеро, тузилма дунё мамлакатларининг қонун чиқарувчи органлари учун глобал мулоқот майдони бўлиб, айни дараёнда муҳокама қилинадиган масалалар жаҳон ҳамжамияти эътиборига етказилади.

Таъкидлаш жоиз, ушбу халқаро йиғин Ўзбекистонга дунёдаги барча мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, глобал ва регионал муаммоларга барқарор, самарали ечим топиш имконини беради. Қолаверса, юртингизнинг сиёсий нуқтаи назардан минтақада ишончли ҳамкор сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаши шубҳасиз.

Тадбир якунида бутун жаҳон парламент ҳаракатининг ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги устувор йўналишлари белгиланадиган тегишли ҳужжат қабул қилиниши режалаштирилган. Бу тинч ва барқарор кежа барпо этиш йўлида яна бир дадил қадам бўлади.

Ўткир Алимов ёзиб олди.
ЎзА