Қатар нашрларида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси тафсилоти

QNA, «Шарқ», «Ал-Араб» каби таниқли нашрларда «Қатар ва Ўзбекистон парламент муносабатларини мустаҳкамлайди» сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Мақолада Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Қатар Шўро кенгаши Раиси Ҳасан бин Абдуллоҳ Ал-Ғаним бошчилигидаги делегация Олий Мажлис Сенатига ташриф буюргани батафсил ёритилган.
Нашрлар Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда икки давлат ўртасидаги парламентлараро муносабатни янада ривожлантириш масаласи муҳокама қилинганига урғу берган.
Томонлар Парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолиятини янада жонлаштириш, олий даражада эришилган икки томонлама битимлар ижросини таъминлаш ва қонунчилик соҳасида тажриба алмашишни давом эттиришга келишиб олгани таъкидланган.

Муаллиф Шўро Кенгаши Спикери Жаноб Ҳасан бин Абдуллоҳ Ал-Ғаним Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси раиси Нуриддинжон Исмоилов билан учрашгани, мулоқот давомида ўзаро алоқаларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш йўллари кўриб чиқилгани шунингдек, умумий манфаатдор бошқа қатор мавзулар ҳам кўтарилганига эътибор қаратган.
М.Пирматова, ЎзА