Халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик – тинчлик ва тараққиёт пойдевори

342

Муносабат

Марказий Осиё мамлакатлари билан дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатларга асосланган алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш – давлатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Шу нуқтаи назардан қараганда, жорий йилнинг 31 март куни Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат раҳбарларининг қўшма учрашуви бу борадаги ишларнинг янгича тарихий саҳифасини очиб берди, десак, муболаға бўлмайди.

Давлат раҳбарларининг Хўжанд шаҳрида – Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон Республикалари давлат чегаралари туташган жойда учрашув ўтказиши ва «Абадий дўстлик тўғрисида»ги Хўжанд декларациясининг қабул қилиниши бугунги глобаллашув шароитида дунёда халқларнинг, давлатларнинг тинчлиги, осойишта ҳаёти учун ғоят катта хавф-хатарлар юзага келаётган бир пайтда амалга оширилиши – бу улкан сиёсий ирода, халқларимизнинг ёрқин келажаги учун ташланган тарихий қадам бўлди.

Бу воқеа нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки бутун жаҳон ҳамжамиятининг диққат марказида бўлди ва етакчи давлатлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар томонидан юксак кўтаринки руҳда қўллаб-қувватланди.

Мустақилликка эришган ўтган 30 йилдан ортиқ давр мобайнида чегара масаласи минтақадаги давлатларнинг асосий муаммоларидан бири бўлганини яшириш шарт эмас. Бу ўз навбатида турли тушунмовчиликлар, баъзи ҳолларда қуролли тўқнашувларга ҳам олиб келганини ҳали яқин тарих шоҳидлари унутгани йўқ.

Бу муаммоларга ечим топиш ва ўзаро ишонч асосида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланган дастлабки кунларидан бошлаб асосий эътибор марказидаги масалалардан бири бўлди. Дастлаб Тожикистон, кейин Қозоғистон ва Қирғизистон билан давлат чегаралари масаласи дипломатик йўл билан ҳал этилган бўлса, Президентимиз ташаббуси билан Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги бундай муаммоларнинг ижобий ечим топгани минтақавий хавфсизликни таъминлашда Ўзбекистон ҳал қилувчи ролга эга эканини амалда кўрсатди.

Мана, бугунги кунда давлат чегаралари дўстлик чизиқлари, янги имкониятлар, бунёдкорлик ва ҳамкорлик маконига айланмоқда.

Албатта, бу тарихий воқеа 130 дан ортиқ халқлар ва миллатлар тинч-тотув, дўстлик муносабатлари ва ҳамжиҳатликда яшаётган республикамизда, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам юксак кайфият билан кутиб олинди.

«Дўстлик» канали бўйида дўстлик ва ҳамжиҳатлик концерти ҳамда халқ сайли ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлаш, бағрикенглик ва меҳр-оқибат муҳитини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Айниқса, маданий ва маънавий қадриятлари, анъана ва урф-одатлари бир-бирига яқин бўлган қўшни давлатлар билан дўстлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Шуни алоҳида таъкидлашимиз керакки, бугунги кунда 2 миллиондан зиёд кўп миллатли Қорақалпоғистон аҳолиси орасида бир ярим мингдан ортиқ қирғиз ва тўрт юзга яқин тожик миллатига мансуб фуқароларимиз бир оила фарзандлари бўлиб тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда.

Овули аралаш, қўйи қўралаш бўлиб, бир неча йиллардан буён қиз олиб, қуда-анда, қариндош-уруғ бўлиб қатнашиб келаётган кўп миллатли элимиз дўстликни, тинчликни қадрлайди. Улар бир-бирининг қадриятлари, тили, урф-одат ва анъаналарини ҳурмат қилиб, абадий дўстликда яшаб келмоқда.

Республикамизда фаолият кўрсатаётган қозоқ, туркман, рус, украин ва корейс миллий маданий марказлари фикримизнинг ёрқин далили бўла олади.

Аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, ўзаро дўстлик каби буюк қадриятларни ёшларимиз онгига сингдириш, улар ўртасида ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат руҳини шакллантириш мақсадида турли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борамиз.

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти мамлакат ичидаги жамият ҳисобланиб, кўп миллатли аҳил оилага ўхшайди. Институтимизда 17 мингга яқин талаба-ёшлар таҳсил олмоқда. Таълим 5 тилда олиб бориладиган ўқув даргоҳимизда қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ, туркман, рус, корейс, қирғиз, тожик, озарбайжон, бошқирд, уйғур ва татар каби жами 11 миллатга мансуб талабалар бир оиланинг фарзандларидек, аҳилликда ўқимоқда.

Институтда ҳар ойнинг ўн бешинчи санаси «Миллатлараро тотувлик куни,» ҳар ҳафтанинг жума куни «Миллий либослар куни» деб эълон қилинган бўлиб, «Пединститут – кўп миллатли тотув оила» тамойили асосида ўзаро дўстлик ва ҳурмат муносабатлари йўлга қўйилган.

Наврўз умумхалқ байрами, Масленица, Амал тантанаси – дийдорлашув куни ва шу каби миллий ва умуминсоний қадриятлар, байрам кечалари доимий равишда уюшқоқлик билан ўтказилади.

Албатта, буларнинг барчаси юртимизда миллатлар ва халқлар ўртасида тинчлик ва тотувлик, дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан бирга, мамлакатимизнинг ёрқин келажаги – Янги Ўзбекистон ва Янги Қорақалпоғистонни биргаликда барпо этиб, Учинчи Ренессанс пойдеворини қўядиган ҳар томонлама етук келажак авлодларни тарбиялашга замин яратади, деб ишонч билдирамиз.

Қувондиқ Қодиров,

Ажиниёз номидаги Нукус давлат

педагогика институти ректори.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги