Конституция – мустақиллик ва тараққиёт кафолати

54

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари билан бошланиб, унда турли соҳалар вакиллари, расмий шахслар ва таълим муассасалари ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Р.Сапарбаев нутқ сўзлаб, Конституциямизда белгиланган нормаларнинг ҳаётимизда тутган ўрни, шунингдек, сўнгги йилларда таълим соҳасида, хусусан, ёшларнинг олий таълим олиши учун яратилаётган шароит ва имкониятлар ҳақида тўхталди.

Шунингдек, тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси К.Тарихов ҳам сўзга чиқиб, Конституциянинг қабул қилиниши тарихи, унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар хусусида маълумот берди.

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири Б.Тўребеков эса мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар ҳақида гапириб ўтди. У «Инсон қадри ҳамма нарсадан улуғ» тамойилига амал қилиш зарурлигини таъкидлади.

Тадбир давомида Конституция – ҳар бир давлатнинг тарихи, бугуни ва келажагини, халқ хоҳиш-иродасини ўзида акс эттирувчи асосий қонун эканлиги таъкидланди. Конституциямиз демократик ислоҳотларни амалга оширишда, қонунчилик негизларини яратишда бош ҳуқуқий асос эканлиги, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашда муҳим ўрин тутиши таъкидлаб ўтилди.

Сўзга чиққанлар йиғилганларни Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 32 йиллиги билан табриклаб, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб беришди.

Бу тантанали кун ҳар бир фуқаро учун жуда муҳим саналади. Чунки Конституциямиз – мустақиллигимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий таянчи, фуқаролар ҳуқуқларининг асосий кафолатидир.

 

Қорақалпоғистон ахборт агентлиги