Ёшлар форуми: келажакка ишончли қадамлар

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида муҳим ва нуфузли тадбирлардан бири – Республика Ёшлар Форумининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур форум ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, уларни илм-фан, тадбиркорлик ва инновациялар сари йўналтиришга хизмат қилади.
Тантанали маросимни филиал директори, профессор А. Эсимбетов очиб берди. Тадбирда шунингдек, ҳурматли меҳмонлар – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Б. Отемуратов, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари А. Акбаров, Қўмитанинг Фан ва таълим соҳасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи А. Сафаров, Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор А. Гаппаров иштирок этишди.


Форум доирасида ёшлар турли фан олимпиадалари, ижодий ва интеллектуал танловларда иштирок этиб, ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, илмий-инновацион лойиҳалар тақдимотлари, стартап дастурлари, мастер-класслар ва семинарлар ташкил этилди.
Тадбир доирасида юртимизнинг турли ҳудудларига хос миллий таомлар кўргазмаси ҳам ўтказилди. Меҳмонлар анъанавий таомларнинг бетакрор таъмини татиб кўриб, уларнинг тарихи ва тайёрланиш усуллари билан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Айниқса, дошқозонда пиширилган сумалак катта қизиқиш уйғотди.

Пойтахтимиздаги Ёшлар маркази биносида Республика Ёшлар Форуми доирасида муҳим тадбирлардан бири – «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди. Шунингдек, мунозара-дебат танлови, рассомчилик, театр, интеллектуал ва спорт мусобақалари ўтказилди.
Форумнинг энг ҳаяжонли лаҳзаларидан бири – Республика фан олимпиадаси ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди. Бу йилги олимпиадада 33 нафар иқтидорли ёш иштирок этиб, 1-ўринни эгаллаган ғолибларга олтин медал ва қимматбаҳо совғалар, 2-ўрин соҳибларига кумуш медал ва эсдалик совғалари, 3-ўрин эгаларига эса бронза медал ва рағбатлантирувчи совғалар топширилди.

Форумнинг тақдирлаш маросими Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида бўлиб ўтди. Форум доирасида ташкил этилган маданий дастур иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди. Таниқли хонандаларнинг концерт дастури форумга янада кўтаринки кайфият бағишлади.
Республика ёшлар форуми ёшларнинг билим, илм-фан, тадбиркорлик ва ижод соҳасида ўз истеъдодларини намоён этишлари учун улкан майдон бўлиб хизмат қилди.
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси