Мартин Чунгонг: Парламентлараро Иттифоқнинг Тошкентда ўтадиган ассамблеяси халқаро парламентаризм тарихида муҳим воқеа бўлади

141

Ўзбекистонда ўтказиладиган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-ассамблеяси бошланишига саноқли кунлар қолди. Шу муносабат билан Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг юртимизга ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда нуфузли анжуманга кўрилган тайёргарлик ишлари, парламент ислоҳотлари соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди.

Ассамблеянинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга тўлиқ мос келадиган “Ижтимоий ривожланиш ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзусининг тарихий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон парламенти фаолиятининг ижобий жиҳатлари бошқа мамлакатлар учун намуна бўлиши мумкинлиги таъкидланди.

М.Чунгонг Ўзбекистон парламентининг Парламентлараро Иттифоқ билан самарали ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимизнинг тузилма фаолиятига қўшаётган салмоқли ҳиссасини эътироф этди.

Тошкентда ўтказиладиган Парламентлараро Иттифоқнинг юбилей ассамблеяси халқаро парламентаризм тарихида муҳим воқеа бўлишига ва глобал муаммоларни ҳал қилишда парламентларнинг ролини кучайтиришига ишонч билдирди.

Н.Абдураимова,

ЎзА