Берунийда янги боғча қурилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида «Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Беруний тумани «Шимом» овул фуқаролар йиғини ҳудудида янги мактабгача таълим ташкилоти қурилиши ишлари якунланмоқда.
Лойиҳа доирасида 4 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилган мазкур таълим муассасаси 90 ўринга мўлжалланган бўлиб, замонавий талаблар асосида барпо этилмоқда. Янги боғча болаларнинг баркамол ўсиши, таълим-тарбия олиши учун барча шарт-шароитларга эга бўлади.
Қурилиш ишлари якуний босқичда бўлиб, тез орада муассаса тўлиқ фойдаланишга топширилади. Лойиҳа доирасида мактабгача таълим муассасаси замонавий ўқув хоналари, спорт ва ўйин майдончалари, ошхона ҳамда тиббиёт хонаси билан таъминланмоқда. Бу эса болаларга қулай ва хавфсиз муҳит яратишга хизмат қилади.
Шу ўринда, мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбариятининг таълим соҳасига қаратаётган доимий эътибори ва қишлоқ жойларини ривожлантиришга йўналтирилган тизимли ислоҳотларининг ёрқин намунасидир. Яқин кунларда янги мактабгача таълим ташкилоти ўз эшикларини очиб, юртимиз болажонларини қабул қилишга шай бўлади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги