Жалғасбай Бердимуратов тантанали кутиб олинди

Яқинда Иордания давлатининг Омман шаҳрида спорт курашлари бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтган эди. Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этган ҳамюртимиз, Жалғасбай Бердимуратов 87 кг вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритгани ҳақида хабар берган эдик.


Мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Жалғасбай Бердимуратов Нукус халқаро аэропортида катта тантана билан кутиб олинди. Унинг шарафига ташкил этилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги ходимлари, мураббийлар, спортчи ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, унинг ота-оналари ва яқинлари ҳам қувончли онларни биргаликда нишонлашди.

Тадбирда сўз олганлар Жалғасбайнинг меҳнати, фидойилиги ва спортга бўлган муҳаббати ҳақида тўхталиб, унинг келажакда янада катта муваффақиятларга эришишига ишонч билдиришди. Шунингдек, мамлакатимизда спортга кўрсатилаётган катта эътибор ва яратилган шароитлар туфайли бундай ютуқлар сони ортиб бораётгани таъкидланди.
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси