Ҳамкорлик бўйича манфаатли музокаралар олиб борилмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов ҳозирги вақтда Корея Республикасида бўлиб турибди. Ушбу мамлакатга ташрифи давомида М.Атамуратов дастлаб Bumhan Unisollutions компанияси вакиллари билан музокаралар олиб бориб, қайта тикланувчи энергиядан самарали фойдаланиш, янги технологияларни жорий этиш, IT соҳасини ривожлантириш ва ишсиз фуқароларни касбга йўналтириш бўйича фикр алмашди.
Шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали янги лойиҳалар устида ҳамкорлик қилиш, яқин шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва бошқа шу каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Шундан сўнг Сунгшин аёллар университети вакиллари билан учрашув ўтказилди. Музокараларда Қорақалпоғистондаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни, хусусан, Қорақалпоқ давлат университети билан корейс тилини ўрганиш бўйича ишларни йўлга қўйиш масалалари бўйича музокаралар олиб борилди.
Шунингдек, талабаларнинг ўзаро тажриба алмашиши учун шароит яратиш мақсадида Қорақалпоғистонда ёзги оромгоҳлар ташкил этиш ва Корея давлатидан талабалар ва профессор-ўқитувчиларни жалб этиш, бу орқали минтақа туризмининг ривожланишига ҳам ҳисса қўшиш бўйича фикр алмашилди.



Учрашув давомида ўқув юрти билан бирга корейс тилини ўрганишни оммалаштириш йўналишида махсус кутубхонага эга марказ ташкил этиш, шу асосда тил ўрганиш курсларини муваффақиятли тамомлаган талабаларнинг Корея давлатидаги олий ўқув юртларида билим ва тажрибаларини ошириши учун шароит яратиш борасидаги чора-тадбирлар келишиб олинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги