Наврўз байрам ва сайллари давом этмоқда

135

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” номли байрам сайили ва театрлаштирилган мусиқий-хореографик концерт дастури бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, зиёлилар, олимлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар, шунингдек, институт атрофидаги маҳаллалар аҳолиси, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Байрам тадбирида институт ректори Қувондиқ Қодиров сўзга чиқиб, барча иштирокчилар ва меҳмонларни улуснинг улуғ куни, шарқ халқларининг янгиланиш ва яшариш айёми, минг йиллардан буён маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган – Наврўз байрами билан табриклади.

Мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида олий таълим соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижалари, айниқса, сўнгги йилларда Нукус давлат педагогика институтининг моддий-техник базасини такомиллаштириш мақсадида амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари, шундай имкониятлардан самарали фойдаланаётган институт талаба-ёшларининг қўлга киритаётган ютуқлари алоҳида эътироф этилди.

Жорий ўқув йилининг ўзида педагогика институтида 2 та Ўзбекистон Республикаси Президенти ва 15 та номдор давлат стипендиялари танловлари, шунингдек, 13 та Ажиниёз номидаги стипендия танлови ғолиблари етишиб чиққани, шунингдек, спорт соҳасида бир неча бор жаҳон, Осиё биринчиликлари, Ўзбекистон чемпионлари ҳамда адабиёт, санъат, маданият соҳаси бўйича Зулфия номидаги, шунингдек, “Ниҳол”, “Мард ўғлон” давлат мукофотлари ҳамда халқаро танловлар, фан олимпиадалари ғолиблари ушбу даргоҳда таҳсил олаётгани кўнгилларда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади.

Театрлаштирилган концерт дастурида институтнинг “Тўмарис” ашула ва рақс халқ ансамбли, “Сийперде”, “Дугоналар”, “Тараннум” ва бошқа ансамбллари, “Турон” театр-студияси, шунингдек, бир гуруҳ иқтидорли талабалар, институт битирувчилари томонидан миллий урф-одатлар, анъаналар акс этган саҳна кўринишлари, қўшиқлар, рақслар ижро этилиб, миллатлараро тотувликни тараннум этувчи қорақалпоқча, ўзбекча, қозоқча, туркманча, қирғизча, русча, шунингдек, классик қўшиқлар ижро этилди.

Байрам сайли доирасида миллий спорт ўйинлари бўйича бир қатор мусобақалар бўлиб ўтди. Факультетларда таҳсил олаётган талабалар ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган миллий кураш, тош кўтариш, арқон тортиш, қўл кураши ва бошқа спорт турлари бўйича ўз имкониятларини синовдан ўтказди.

Шу билан бирга, байрам муносабати билан институт талабаларининг ҳунармандчилик намуналари, тасвирий санъат бўйича кўргазмалар, китоблар ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Талабалар турар-жойида сумалак сайли, миллий таомлар фестивали ташкил этилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА