«Менинг Оролдаги боғим» акцияси

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети жамоаси ва фаол ёшлари «Менинг Оролдаги боғим» акцияси доирасида Мўйноқ туманида бўлиб, Орол денгизининг қуриган тубига саксовул кўчатларини экиш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини олиб борди. Мазкур ташаббус экологик офатларга қарши курашиш, табиий ресурсларни тиклаш ва экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Акция доирасида университетнинг Биоэкология илмий лабораторияси асбоб-ускуналари ёрдамида ҳаво ва тупроқ таркиби таҳлил қилинди. Шунингдек, иқлим шароитини яхшилаш ва тупроқни мустаҳкамлаш мақсадида саксовул кўчатлари ўтқазилди. Саксовул – қурғоқчил ҳудудларда тез ўсиб, тупроқни мустаҳкамлаш ва ҳавони тозалашда муҳим роль ўйнайдиган ўсимликдир. Унинг илдиз тизими тупроқни намлик ва озуқа моддалари билан таъминлаб, экотизимнинг тикланишига ёрдам беради.

Тадбирда иштирок этган ёшлар нафақат саксовул экиш, балки илмий тадқиқотлар олиб бориш орқали экологик ҳолатни яхшилашга ҳисса қўшди.
«Менинг Оролдаги боғим» каби ташаббуслар экологик маданиятни ривожлантириш ва ёшларнинг атроф-муҳитни асрашга бўлган эътиборини кучайтиришда катта аҳамият касб этади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги