Телемарказда «Департамент боғи» барпо этилди

Нукус шаҳрида экологик муҳитни яхшилаш ва аҳоли учун қулай дам олиш масканлари яратиш мақсадида «Департамент боғи» ташкил этилди. Ушбу боғ «Телемарказ» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида, бир гектар майдонни қамраб олган ҳолда барпо этилди.
Янги боғнинг очилиш маросимида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари, маҳалла аҳолиси ва нуронийлар иштирок этди. Мазкур ташаббус мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳаётга татбиқ этилди.

Боғ барпо этиш жараёнида 300 тупга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Бу ишда департамент ходимлари фаол иштирок этиб, табиатни асраш ва экологик муҳитни яхшилашга ўз ҳиссасини қўшди. Экилган кўчатлар парвариши маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари томонидан назорат қилиниши келишиб олинди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур боғ келажакда маҳалла ҳудудида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилалар ва ижтимоий дафтарларга киритилган фуқаролар учун ажратилиши режалаштирилган. Бу эса нафақат шаҳарнинг яшил ҳудудларини кенгайтиришга, балки аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга ҳам хизмат қилади.

Нукусда барпо этилган «Департамент боғи» нафақат экологик муҳитни яхшилаш, балки жамоатчиликнинг биргаликда амалга оширадиган хайрли ишларини тарғиб қилиш борасидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги