Халқаро автомобиль йўли замонавий қиёфа касб этмоқда

47

Қорақалпоғистон Республикасида йўл инфратузилмасини яхшилаш ва транспорт имкониятларини кенгайтириш мақсадида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ҳурматли Президентимизнинг топшириғига асосан, Қораўзак ва Беруний туманлари ҳудудидан ўтувчи А-380 «Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу» халқаро автомобиль йўли замон талабларига мос ҳолда реконструкция қилинмоқда.

Ушбу лойиҳа доирасида йўлнинг 673-698 км (25 км) қисми Осиё тараққиёт банки молиявий кўмаги асосида цемент-бетон қоплама билан янгиланмоқда. Бу эса йўлнинг мустаҳкамлиги ва узоқ муддат хизмат қилишига имкон беради. Шу билан бирга, замонавий технологиялардан фойдаланиш транспорт ҳаракатининг хавфсизлигини ошириш ҳамда йўл харажатларини камайтиришга хизмат қилади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 60,9 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Қурилиш ишлари сифатли ва халқаро стандартларга мос равишда олиб борилиши учун етакчи консалтинг компаниялари жалб этилган. Айни пайтда, бу ерда 100 дан ортиқ махсус техника воситалари ва 200 дан ортиқ тажрибали мутахассислар фаолият юритмоқда.

Мазкур йўлнинг модернизация қилиниши орқали юк ва йўловчи ташиш имкониятлари сезиларли даражада яхшиланиши, минтақада савдо-иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши ва туризм салоҳияти ошиши кутилмоқда. Шунингдек, транспорт воситалари ҳаракатланиш вақти қисқаради ва харажатлар камаяди.

Қурилиш ишлари жадал давом этмоқда. Таъкидлаш жоизки, бу каби йўл инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар мамлакатимизнинг транспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги