150 мингдан ортиқ ўқувчи сифатли сув билан таъминланди

Ичимлик суви инсон ҳаётидаги энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Сифатли ва тоза сувга бўлган эҳтиёж айниқса ёш авлод саломатлиги учун катта аҳамиятга эга. Шу мақсадда «Тоза ичимлик суви» лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикасидаги қатор таълим муассасалари замонавий сув тозалаш тизимлари билан таъминланди.
Лойиҳа доирасида Нукус шаҳри, Беруний, Қонликўл, Чимбой, Шуманай, Элликқалъа туманлари ҳамда Нукусдаги 26 та умумтаълим мактабига замонавий сув тозалаш тизимлари ўрнатилди. Бу тизимлар сувни зарарли аралашмалар, бактерия ва микроорганизмлардан тозалаш билан бирга, уни фойдали минераллар билан бойитиш вазифасини ҳам бажаради.
Лойиҳа бошланганидан буён Қорақалпоғистондаги 232 та мактаб ушбу замонавий сув тайёрлаш ускуналари билан жиҳозланди. Бу эса ўқувчиларнинг соғлом ва хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятини кенгайтирди. Натижада 150 мингдан ортиқ болалар учун ҳар куни сифатли ичимлик суви кафолатланди.
Лойиҳа келгусида янада кўпроқ таълим муассасаларини қамраб олишни мақсад қилган бўлиб, бу Қорақалпоғистондаги ёш авлоднинг соғлом ўсишини таъминлашда муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси