Мактабга ичимлик суви фильтри ўрнатиб берилди

285

Ичимлик суви инсон ҳаёти учун жуда муҳим ресурс ҳисобланади. Тоза, хавфсиз ичимлик суви саломатлик учун фойдали, чунки уни мунтазам истеъмол қилиш организмни токсинлардан тозалаб, саломатликни сақлашга ёрдам беради. Шўр сув эса организмда туз тўпланишига сабаб бўлиб, саломатлигимизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида «Замин» фондининг Беруний тумани марказидан қарийб 40 километр узоқликда жойлашган Олтинсой овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 4-сонли умумий ўрта таълим мактабида амалга оширган хайрли иши таҳсинга лойиқ.

Ушбу мактабда 230 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Фонд томонидан мактабга ўрнатиб берилган ичимлик суви фильтри ўқувчиларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонамиз.

Ҳудуддаги 25 метр чуқурликдан ичишга яроқсиз шўр сув чиқиши сабабли, ичимлик ва эҳтиёж учун ишлатиладиган сув узоқдан ташиб келинган.

– Энди тозаланган сувдан мактабга яқин аҳоли ҳам бепул фойдаланиб, ўз миннатдорчилигини билдирмоқда. Халқимизда сув берган савоб деган ҳикматли сўзнинг маъносига эътибор берадиган бўлсак, олис ҳудуд аҳолисини ўйлаб амалга оширилган бу савобли ишнинг замирида инсонларнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшаши ва соғлом авлодни тарбиялашдек мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли эканини англаймиз, – дейди Беруний тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими бошлиғи А.Уразова.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги