Халқаро волейбол федерацияси делегацияси Тошкентда

163

Шу кунларда Халқаро волейбол федерацияси мутахассиси Ёрдон Зихчев бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 24 июль – 4 август кунлари мамлакатимизда 19 ёшгача бўлган эркаклар терма жамоалари ўртасида ўтказиладиган Жаҳон чемпионатига тайёргарлик ҳолатини ўрганиш мақсадида юртимизда меҳмон бўлиб турибди.

Спорт вазирлигида Халқаро волейбол федерацияси (FIVB) мутахассиси Ёрдон Зихчев бошчилигидаги делегация Ўзбекистон волейбол федерацияси мутасаддилари, мутахассислари билан жаҳон чемпионатига тайёргарликнинг бориши масаласида учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида жаҳон чемпионатини ташкиллаштириш билан боғлиқ ишлар муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида Ёрдон Зихчев жаҳон чемпионатининг техник жиҳатлари, мусобақаларни ўтказиш, иштирокчи жамоаларни кутиб олиш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Тадбир жараёнида жаҳон чемпионатини ташкил этиш юзасидан назарий семинар бўлиб ўтди.

Чемпионат мусобақаларини ўтказиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилади ва икки кун давомида жаҳон чемпионати ўтказиладиган спорт иншоотлари, меҳмонхоналар ва бошқа мажмуалар кўздан кечирилиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда волейбол бўйича эркаклар терма жамоалари иштирокида U19 ёш тоифасида ўтадиган жаҳон чемпионатида 24 та миллий терма жамоа иштирок этади.

Т.Рўзиев, ЎзА