2025 йилда Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш 5 фоизгача ошиши кутилмоқда
Шу ҳафта Хитой жанубидаги Хайнан музофотида “Осиё ўзгарувчан дунёда: умумий келажак сари” шиори остидаги Боао Осиё форуми (BAF) ўз ишини бошлади.
Анжуман олдидан тайёрланган “Осиёда иқтисодий истиқболлар ва интеграция жараёни 2025” ҳисоботида келтирилишича, Осиё мамлакатлари ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати 2025 йилда 4,5 фоизни ташкил этади.
Ҳисоботда айтилишича, Шарқий Осиёда иқтисодий ўсиш 4,3 фоизга юқорилаши кутилмоқда. Жанубий Осиёнинг ўсиши 5,9 фоиз, Ғарбий Осиёда эса 2,9 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Эътиборли жиҳати, жорий йилда Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш 5 фоизгача ошиши кутилмоқда. Шунингдек, ҳисобот муаллифлари 2025 йилда Осиёнинг харид қобилияти мувозанати бўйича жаҳон ялпи ички маҳсулотидаги улуши 48,6 фоизгача ошишини башорат қилмоқда.
Осиёда товарларнинг ташқи савдоси аста-секин ўсиш суръатларини тикламоқда, хизматлар савдоси эса жадал ўсишни кўрсатмоқда. Инновациялар нуқтаи назаридан Осиё илмий-тадқиқот ва ишланмаларга инвестициялар суръатининг жадаллашуви ва патент талабномалари бўйича дунёнинг бошқа минтақаларини сезиларли даражада ортда қолдириб, глобал етакчига айланди.
Маълумот ўрнида: 2001 йилда ташкил этилган Боао Осиё форуми 29 аъзо давлат томонидан биргаликда тузилган нодавлат халқаро ташкилот ҳисобланади. BAFни ташкил этишдан мақсад Осиёда иқтисодий интеграцияни ривожлантириш эди. Шунингдек, Боао форуми “Шарқ Давоси” деб ҳам номланади.
Бу галги анжуман доирасида 50 дан ортиқ йўналишдаги муҳокамалар ва кичик форумлар ўтказиш режалаштирилган.
С.Раҳимов, ЎзА