Ҳалқаро театр куни – санъат ва маънавият байрами

64

Ҳар йили 27-март куни дунё театр ходимлари ўз касб байрамларини нишонлайдилар. Ушбу сана 1961 йилда ЮНЕСКО ҳузуридаги Халқаро театр институти томонидан Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтган IX конгрессда таъсис этилган. Шу кундан эътиборан, бу байрам «Театр – халқлар ўртасидаги ўзаро тушуниш ва тинчликни мустаҳкамлаш воситаси» шиори остида нишонланиб келинмоқда.

Театр инсон маънавиятини тарбияловчи, унга ҳаётий дарс берувчи жонли санъат туридир. Маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий «Театр – ибратхонадир» деб бежиз таъкидламаган. Чиндан ҳам, театр ижтимоий ҳаётни акс эттириб, одамлар онгига ижтимоий ва маънавий ғояларни сингдиришда беқиёс аҳамиятга эга. Театр инсонни эзгулик, яхши хулқ-атвор ва юксак маърифат сари етаклайди.

Театр санъати турли шаклларда ривожланиб келган. Улар орасида драма театри, опера, балет, мусиқий драма, мусиқий комедия, оперетта, ёш томошабинлар театри, қўғирчоқ театри, радиотеатр, телевизион театр, эстрада ва майдон театри каби йўналишлар бор. Ҳар бир йўналиш ўзининг ўзига хослиги ва томошабинларга етказаётган мазмуни билан ажралиб туради.

Ўзбек миллий театри узоқ тарихга эга бўлиб, унинг дастлабки кўринишлари ибтидоий жамоа даврига бориб тақалади. Милоддан аввалги VII–VI асрларда аждодларимиз томонидан турли театрал саҳна кўринишлари яратилган. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда қатор йирик театрлар фаолият юритмоқда, жумладан:

Ўзбекистон Давлат академик драма театри, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқий театри, Аброр Ҳидоятов номидаги театр, Илҳом театри ва бошқалар…

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам театр санъати кенг ривожланган. Айни пайтда қуйидаги театрлар фаолият кўрсатмоқда:

Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқий театри, Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театри.

Бу театрлар ўз саҳналарида миллий ва жаҳон драматургиясининг энг яхши асарларини намойиш этиб, томошабинларга маънавий хазина улашмоқда.

Ҳозирги кунда жаҳоннинг 100 дан ортиқ мамлакатида 27-март санаси театр ходимларининг касб байрами сифатида нишонланади. Бу муносабат билан кўплаб театрларда бепул спектакллар ва махсус дастурлар ташкил этилади. Қорақалпоғистон театрлари ҳам ушбу анъанани давом эттириб, болалар ва катталар учун махсус бадиий намойишлар уюштирмоқда.

Театр санъати – инсониятнинг маънавий камолоти йўлида хизмат қилувчи беқиёс бойликдир. Шундай экан, Ҳалқаро театр куни барчамиз учун санъат байрами сифатида катта аҳамият касб этади.

 

Азизбек Дабылов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси