Ўзбекистон ва Малайзия рақамли технологиялар бўйича ҳамкорликни ривожлантиради

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Малайзиянинг “MIMOS Berhad” амалий тадқиқот ва ривожлантириш миллий маркази президенти вазифасини бажарувчи ва бош директори Саат Шукри Эмбонг ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар рақамли ривожланиш, ахборот технологиялари, инновацион ечимлар ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашди.
Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, “MIMOS Berhad” Малайзиянинг амалий тадқиқот ва ривожлантириш миллий маркази бўлиб, у мамлакатнинг Фан, технология ва инновациялар вазирлиги (MOSTI) таркибига киради.
1985 йилда ташкил этилган мазкур давлат ташкилоти Малайзиянинг ижтимоий-иқтисодий ўсишига инновацион технологик платформалар, маҳсулотлар ва ечимлар орқали ҳисса қўшиб келмоқда.
Музокаралар давомида “MIMOS Berhad” вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнларини юқори баҳолаб, мамлакатимизда илғор технологияларни жорий этишда ўз тажрибаларини улашишга тайёр эканликларини билдирди.
Шунингдек, икки давлат ўртасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда IT-экотизимни такомиллаштириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш борасида келишувга эришди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА