“Kashkadarya open” истъдодларни кашф этади

163

Шу кунларда Қарши шаҳридаги «Геолог» спорт-соғломлаштириш мажмуасида таэквондо WТ бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида халқаро турнир мусобақалари ўтказилмоқда.

Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон давлатларидан ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва республикамизнинг барча вилоятларидан 600 нафардан зиёд спортчи иштирок этаётган мусобақалар ҳар жиҳатдан қизиқарли ўтаётганлиги эътиборли.

Турнир ташкилотчилари ёшлар учун чинакам спорт байрамини ташкил этганлиги, маҳоратли спортчилар сафини кенгайтиришга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётганлиги таҳсинга лойиқ.

Ўзбекистон таэквондо WТ ассоциацияси хабарига кўра, мусобақалар олимпия тизимида ташкил этилмоқда. Баҳслар 4 та ёш тоифасида ўтказилмоқда.

Ортда қолган беллашувлар сарҳисобига кўра, Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Наманган ҳамда Фарғона вилоятлари ёш таэквондочилари ўз вазн тоифаларида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Илк бор ташкил этилган халқаро турнир 27 мартга қадар давом этади.

Т. Рўзиев, ЎзА