
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти билан ҳамкорликда “Алишер Навоий энциклопедияси” ва “Ўзбекистон жой номларининг изоҳли луғати” кўп жилдликлари, шунингдек, “Қорақалпоғистон Республикаси географик номларининг изоҳли луғати” китобларини кенг жамоатчиликка таништиришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси маслаҳатчиси – Давлат тилини ривожлантириш департаменти бошлиғи Пердеғалий Дабилов, институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори вазифасини вақтинча бажарувчиси Қаржаубай Реймов, янги нашр этилган китобларнинг муаллифлари, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда институтнинг ўзбек адабиёти кафедраси доцентлари Ҳамза Алламбергенов ва Нодира Алламбергенова Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан чоп этилган 4 жилдлик “Алишер Навоий энциклопедияси” ҳақида тақдимот шаклида иштирокчиларга батафсил маълумот берди. Ушбу кўп жилдлик Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида 2021-2023 йиллар давомида нашрга тайёрланган бўлиб, буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий яшаган XV асрнинг иккинчи ярмидаги Хуросон ва Мовароуннаҳрдаги тарихий, ижтимоий, сиёсий, маданий ва адабий муҳит, шоирнинг ҳаёти, фаолияти, яқинлари, дўстлари, ижодининг маънавий сарчашмаси, адабий мероси ва унинг жаҳоншумул аҳамияти, шунингдек, мумтоз адабиётимиз тарихида тутган беқиёс ўрни ҳақида батафсил маълумотлар жамланган.

Энциклопедиядан навоийшунослик масалалари, шоир асарларининг турли йиллардаги нашрлари, хорижий тилларга таржималари, юртимиз ва жаҳон кутубхоналари фондларида сақланаётган қўлёзма ва тошбосма китоблар, шунингдек, тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик, театр, кино каби санъат турларида Алишер Навоий сиймосини акс эттиришга оид мақолалар ҳам ўрин олган. Шунингдек, турли шеърий жанрларга оид асарларига шарҳ ва таҳлиллардан намуналар келтирилган.

Тақдимотда география фанлари номзоди, доцент Қошқарбай Сейтниязов икки жилддан иборат “Ўзбекистон жой номларининг изоҳли луғати”, география фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Ўмирбай Балтабаев Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан нашр этилган “Қорақалпоғистон Республикаси географик номларининг изоҳли луғати” китоблари ҳақида маълумот берди.

Сўзга чиққанлар мазкур китоблар ҳозирги вақтда географик объект номларининг маъно ва мазмунини аниқлаш, шунингдек, кенг жамоатчиликка етказишда муҳим манба сифатида хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. “Қорақалпоғистон Республикаси географик номларининг изоҳли луғати”да Қорақалпоғистон ҳудудида жойлашган шаҳар, туманлар, қишлоқлар, сув объектлари, тоғлар, қумлар, чўллар ва бошқа географик номлар тизимли равишда ўрганилган бўлиб, ҳар бир ном лингвистик, тарихий ва географик жиҳатдан таҳлил қилинган.
Тадбирда иштирокчилар билан фикр алмашилди ва янги китоблар талабалар, магистрантлар, докторантлар ва профессор-ўқитувчилар томонидан фойдаланиш мақсадида институтнинг ахборот-ресурс маркази фондига топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.