
Футбол бўйича Осиё қитъасида Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг учта гуруҳида 7-тур учрашувлари бўлиб ўтди.
Биз учун аҳамиятлиси мазкур турда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз майдонида Қирғизистонни 1:0 ҳисобида енгди.
Учрашувда кутилганидек, Тимур Кападзе қўл остидаги Миллий терма жамоамиз дастлабки дақиқалардан бор э‘тиборни ҳужумга қаратди.

Ўйиннинг 26-дақиқасида Элдор Шомуродов пеналтидан фойдалана олмаган бўлса-да, 40-дақиқада Ҳожиакбар Алижонов рақиб дарвозасини ишғол қилди ва шу гол ўйин якунигача ягоналигича қолди. Шу тариқа, Ўзбекистон миллий терма жамоаси очколар сонини 16 тага етказиб олди.
Дарвоқе, мазкур учрашувнинг умумий кўрсаткичлари қуйидагича кўриниш олди:
— тўпни назорат қилиш: 73 % — 27 %;
— умумий зарбалар: 25 – 1;
— дарвоза томон зарбалар: 9 – 0;
— голли вазиятлар: 4 – 0;
— жарима майдончасидан берилган зарбалар: 15 – 0;
— жарима майдончаси ташқарисидан берилган зарбалар: 10 – 1;
— умумий узатмалар: 698 – 257;
— аниқ узатмалар: 605 (87%) – 168 (65%);
— аниқ узун узатмалар: 48 (63%) – 18 (28%);
— рақиб жарима майдончасида тўпга тегиш: 37 – 2;
— қоида бузилишлар: 13 – 10;
— офсайдлар: 3 – 0;
— бурчак зарбалар: 12 – 0.
«А» гуруҳида Эрон етакчиликни қўлга киритди
Ўзбекистоннинг Қирғизистон устидан қозонилган ғалабаси, Эроннинг БААга қарши 2:0 ҳисобидаги ғалабаси ва Қатарнинг КХДРга қарши 5:1 ҳисобидаги ютуғи натижасида «А» гуруҳидаги жамоалар ўз ўринларини аниқлаштирди. Эрон 19 очко билан биринчи ўринда, Ўзбекистон эса 16 очко билан иккинчи ўринда жойлашди. БАА ва Қатар эса 10 очко билан 3-4-ўринлардан жой олди. Қирғизистон 3 очко билан 5-ўринда, КХДР эса 2 очко эвазига сўнги поғонада қолди.

25-март куни ушбу гуруҳда 8-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Унда Эрон — Ўзбекистон, Қирғизистон – Қатар, КХДР — БАА терма жамоалари ўзаро рақобатлашади.
«Б» гуруҳида Жанубий Корея биринчи поғонадаги ўрнини мустаҳкамлади
Жанубий Корея Ўмонга қарши 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади, бироқ 15 очко билан гуруҳда биринчи ўринни сақлаб қолмоқда. Иордания ва Ироқ 12 очкога эга бўлиб, кучли учликни ташкил этмоқда.
Гуруҳда Ўмон 7 очко билан 4-ўринда, Кувайт эса 5 очко билан 5-ўринда турибди. Фаластиннинг ҳисобида ҳамон 3 очко мавжуд.
Ушбу турнинг 8-тур учрашувларида Жанубий Корея – Иордания, Фаластин – Ироқ, Кувайт – Ироқ термалари баҳсига гувоҳ бўламиз.
«С» гуруҳида Япония жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди
Япония 19 очко билан «С» гуруҳида биринчи бўлиб жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Ушбу терма жамоа 7-турда Баҳрайн терма жамоасини 2:0 ҳисобида енгди.
Австралия 5:1 ҳисобида Индонезияни мағлуб этди ва 10 очко билан иккинчи ўринда турибди. Саудия Арабистони эса Хитойни 1:0 ҳисобида енгиб, 9 очко билан поғонадан учинчи ўринни олди. Дарвоқе, Индонезия, Баҳрайн ва Хитой 8-тур олдидан бир хил — 6 очкога эга бўлган ҳолда қуйи ўринларга тушиб кетди.
Гуруҳнинг навбатдаги учрашувлари Япония – Саудия Арабистони, Хитой – Австралия, Индонезия – Баҳрайн ўртасида ташкил этилади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА