Мактаб ходимларининг мукофот пули миқдори оширилмоқда
Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Вазирлик хабарига кўра, янги қонунчиликка мувофиқ, мактаб директори ва унинг ўринбосарлари ҳамда мактабгача таълим ташкилоти директорлари иш ҳақи миқдорлари оширилмоқда.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб умумий ўрта таълим ташкилотлари директори лавозимининг базавий тариф ставкаси 20 фоизга, ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаси 15 фоизга оширилиб, боғчалар директорлари лавозимларининг базавий тариф ставкалари III ва IV гуруҳдаги умумий ўрта таълим ташкилоти директори ўринбосари лавозимининг базавий тариф ставкаларига тенглаштириш орқали оширилади.
Республикадаги 10 мингдан ортиқ мактаб директорлари, 7 мингга яқин боғча директорлари ҳамда 35 мингга яқин мактаб директор ўринбосарларининг иш ҳақи миқдорлари оширилишига эришилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб умумий ўрта таълим ташкилотларининг директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан директор ва унинг ўринбосарларига фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) натижасига кўра базавий тариф ставкаларига нисбатан тегишлича 20 ва 10 фоиз миқдорида ҳар ойлик устамалар белгиланади.
Туман бўлимларида қўшимча штатлар ажратилмоқда ва бу ўқувчилар билимини баҳолашни мониторинг қилиш, ўқувчиларга хорижий тил ва касбга ўргатиш вазифаларини амалга ошириш учун тегишли лавозимларни жорий этиш имконияти яратади.
Ҳудудий бўлинмалари ходимларингнинг кўп йиллик хизмати учун рағбатлантириш жорий этилмоқда (Вазирлик тизимидаги қарийб 15 минг нафар бошқарув ходимларига кўп йиллик хизмати учун рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади).
Мактаб ходимлари мукофот пули миқдорини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 75 фоизигача (амалда 50 фоизгача) миқдорида этиб белгиланмоқда.
Яна бир муҳим ўзгариш – авваллари мактабларимизнинг бўш турган бинолари ижарасидан тушган маблағларнинг 40 фоизигина ўша мактабда қоларди. Эндиликда ушбу маблағларнинг 75 фоизи ўша мактаб ривожига сарфланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА