Футбол: Бугун Ўзбекистон – Қирғизистон терма жамоалари ўйнайди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун, 20 март куни Осиё қитъасида футбол бўйича Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг 7-турида Қирғизистон термаси билан рақобатлашади.
“А” гуруҳидан ўрин олган мазкур учрашув пойтахтимиздаги “Бунёдкор“ стадионида Тошкент вақти билан соат 21:00 да бошланади. Учрашувни япониялик Араки Юсуке бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳи бошқариб борадиган бўлди. Ўйинда А.Юсукега қанотларда ҳамюртлари Миҳара Жун ва Ватанабэ Кота ёрдам беради.

Ушбу баҳс олдидан жамоаларнинг расмийлари иштирокида ўтган учрашувда ОФК томонидан иштирокчиларга ўйинга оид бир қатор масалалар, хусусан, маркетинг, тиббиёт ва хавфсизлик йўналишлари юзасидан тушунтириш ва эслатмалар бериб ўтилди.
Шунингдек, футболчиларимиз мазкур баҳсда тўлиқ оқ, дарвозабонимиз эса яшил либосда ҳаракат қилиши маълум бўлди. Қирғизистон эса қизил рангли футбол либосида майдонга тушади.

Маълумот учун, футболчиларимиз Қирғизистон термаси билан бугунга қадар 11 маротаба баҳс олиб борган ва уларнинг барчасида зафар қучган. Терма жамоамиз биринчи бор 1992 йилда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, сўнгги бора 2024 йили мазкур саралаш баҳсларида Бишкек шаҳридаги «Долен Омурзаков» стадионида ташкил этилган учрашувда 3:2 ҳисобида зафар қучган . Ўтказилган беллашувлардаги тўплар нисбати 43:2 кўринишини олган.
Бугунги ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси сафида марказий ҳимоячи Умар Эшмуродов майдонга туша олмайди. У ноябрь ойида КХДР термасига қарши ўтган баҳсда қизил карточка олган эди. Шунингдек, Фарруҳ Сайфиев, Одил Ҳамробеков, Элдор Шомуродов, Шерзод Насруллаев, Жалолиддин Машарипов ва Бобир Абдухолиқовда биттадан сариқ карточкалар бор.
Умид қиламизки, терма жамоамиз йирик ҳисобда зафар қучиб, 8-турда Эронга қарши ўтадиган ўйинга юқори кайфиятда боради.
Дарвоқе, бугунги саралаш учрашувларининг 7-турида Эрон ўз майдонида БААни қабул қилади, Қатар эса КХДР билан рақобатлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА